АсосийSalomatlik

Чекиш инсульт хавфини икки баробарга оширади

'Чекиш инсульт хавфини икки баробарга оширади'ning rasmi

Инсульт инсон ҳаётига зомин бўладиган хасталиклар орасида учинчи ўринда туради. Шу боис ҳам бу касалликнинг олдини олиш чоралари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш фойдадан ҳоли эмас. Инсульт ўзи нима? Қандай турлари мавжуд? Унинг олдини олиш чоралари борми? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр ҒОФУРОВ жавоб беради.

— Инсульт қандай касаллик ва унинг қандай турлари бор?

— Инсульт — бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида мия тўқимасининг шикастланишидир. У инсоннинг меҳнатга лаёқатини пасайтирувчи, ҳаёт сифатини тушириб юборувчи, узоқ муддат даволанишига сабаб бўлувчи касаллик ҳисобланади. Инсультнинг иккита геморрагик ва ишемик турлари мавжуд.

Геморрагик инсульт — мия тўқимасига, тўр ости бўшлиққа ёки мия қоринчаларига қон қуйилиши билан характерланувчи миядаги қон айланишининг ўткир бузилишидир. Геморрагик инсультда барча белгилар ишемик инсультдагига қараганда анча яққол намоён бўлади. Бундан ташқари, инсультнинг бу турида бемор қусади, юзи қизаради, уйқучан бўлиб қолади, энса мушакларида спазм рўй беради ва кўз тўр пардасига қон қуйилади. Геморрагик инсульт тўсатдан бошланиб, жуда тез ривожланади.

Ишемик инсультда бош мияни озуқа билан таъминловчи асосий қон- томирлар тромбозга учрайди, яъни беркилиб қолади ёки майда томир тармоқларида спазм ривожланади.

Мия қон айланишининг бузилиш нуқсонлари инсонда бир неча ой, ҳатто  йиллар давомида пайдо бўлади. Улар инсульт белгиларига ўхшайди, бироқ бир неча дақиқада, камдан-кам ҳолларда бир неча соат мобайнида давом этиши билан фарқ қилади. Кўпинча бу аломатлар тезда ўтиб кетади ва мия фаолияти тикланади.  

Лекин бундай тикланишларга ишонмаслик керак, ишемик касаллик йиллар давомида сурункали равишда мия тўқималарини емириб боради. Ишемик инсульт геморрагик инсультга нисбатан 5 марта кўп учрайди.

— Инсультга олиб келувчи омиллар қайсилар?  

— Инсультга олиб келувчи омилларнинг деярли барчасининг олдини олиш мумкин. Булар: қонда холестерин миқдорининг ошиб кетиши, ичиш ва чекиш, гиподинамия, яъни камҳаракатлик, руҳий зўриқишлар, атеросклероз, артериал гипертония, қандли диабет, юрак аритмияси кабилардир.

Инсультга олиб келувчи энг хатарли омиллардан бири — бу, артериал гипертония, яъни қон босимининг ошиб кетишидир. 70 фоиз ҳолатда инсультнинг сабабчиси артериал гипертония бўлади. Шунингдек, атеросклероз ҳам инсультга сабаб бўлувчи омиллардан биридир.

Айтиш жоизки, ёш улғайган сайин атеросклероз касаллиги кўп учрай бошлайди. Шунинг учун ҳам асосан катта ёшлилар инсульт билан касалланади.

Чекиш инсульт ривожланишини деярли 2 баробарга оширади. Бу иллат қон ивишини кучайтириб, тромблар ҳосил бўлишини тезлаштиради ва томирнинг ички деворини зарарлайди, томир торайиб, унда қон айланиши сустлашиб боради.  

Доимий тарзда чекиш, ҳаттоки, йирик қон томирларни ҳам зарарлаши мутахассислар томонидан тасдиқланган. Бундан ташқари, спиртли ичимликлар истеъмоли ҳам инсультнинг ривожланиш хавфини бир неча баробарга ошириши исботланган.

Бошқа янгиликлар