Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканини 8 та алоҳида лотларга бўлган ҳолда оммавий савдо жараёнлари бошланганини эълон қилди.
Давлат активларини сотиш икки босқичда ўтказилади.
Бунда:
биринчи босқичда – талабгорлар олдиндан малакаланади (сараланади), жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, давлат активларидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади;
иккинчи босқичда – талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.
Савдонинг биринчи босқичида иштирок этиш учун талабгорлар 2021 йил 15 июль соат 18:00 га қадар (Тошкент вақти билан) ўзбек, рус ёки инглиз тилларида (талабгорнинг ихтиёрига кўра) мазкур эълоннинг 1-иловаси (жисмоний шахслар 1 а-иловаси)даги ариза намунаси тўлдирилиб (имзоланган ҳолда), қуйидаги ҳужжатлар билан ёпиқ конвертда Давактив агентлигига ёки сканер қилинган шакли (кодланган ҳолда) Давактив агентлигининг қуйида кўрсатилган электрон манзилига тақдим этилади:
а) юридик шахслар учун:
юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома ва унинг устави нусхалари (талабгор томонидан тасдиқланган ҳолда);
ҳужжатлар топширилган санага талабгор, унинг таъсисчиси ва/ёки бенефициарининг тўлиқ рўйхати (агар тўловга таъсисчи ва/ёки бенефициарнинг маблағи жалб этилиши кўзда тутилаётган бўлса, талабгорнинг устав капиталидаги тегишли улушларини ва миқдорини кўрсатган ҳолда);
давлат активларидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабдан келиб чиққан ҳолда ундан самарали фойдаланишнинг бизнес концепцияси лойиҳаси;
талабгор савдода иштирок этиши учун сотиб олишни режалаштирган давлат активи бўйича талабгорнинг ўзи таклиф этаётган қийматдан камида 5 фоизи миқдорида закалат пули маблағларини Давактив агентлигининг қуйида келтирилган махсус ҳисоб-рақамига ўтказилганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхаси.
б) жисмоний шахслар учун:
солиқ тўловчининг идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун), паспорт маълумотлари;