АсосийSiyosat

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Туркияга амалий ташрифи якунланди

'Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Туркияга амалий ташрифи якунланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркия Республикаси Ҳукумати таклифига биноан жорий йилнинг 18-19 июнь кунлари Анталия дипломатик форуми ишида қатнашди.

Вазир Форумнинг “Осиёда минтақавий ҳамкорлик” мавзусида бўлиб ўтган шўъба-сессиясида иштирок этди. У ўз нутқида замонавий шароитда дипломатия соҳасида юз берган ўзгаришлар, инновацион ёндашувларнинг ўзига хос хусусиятларига тўхталди. Осиёдаги ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистон юритаётган минтақавий сиёсатнинг устувор йўналишлари ва эришилган натижалар тўғрисида маълумот берди.

Анжуман доирасида Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Туркия ТИВ раҳбарлари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

Форумда иштироки юзасидан Абдулазиз Камилов Туркиянинг “TRT” телеканалига интервью берди. Вазир ўз интервьюсида Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари бугун жадал суръатда ривожланаётгани, икки мамлакат кун тартибида турган устувор йўналишларнинг амалга оширилаётгани, режалаштирилаётган юқори даражадаги мулоқотлар ҳақида алоҳида тўхталди.

Шунингдек, Вазир Ўзбекистоннинг 24 май куни Анталия шаҳрида очилган  фахрий консулхонасига ташриф буюрди. Фахрий консул Бариш Гёкче Ўзбекистон ТИВ раҳбарини муассаса фаолияти билан яқиндан таништирди.

Бошқа янгиликлар