2020 йил 12 ноябрда Давлат раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Бугун, 1 июлдан шу ҳужжатга мувофиқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари билан Сирдарё вилоятида тажриба-синов лойиҳаси ишлари бошланади. Лойиҳа доирасида, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳлар иш бошлайди.
Уларнинг ҳар бирида бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети шакллантирилиб, Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кафолатланган пакет тақдим этилади. Қолаверса, оилавий шифокорларга ва зарур ҳолларда туман, вилоят ҳамда республика шифохоналарига йўлланмалар беради. Республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тасдиқланади.
Аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларини мониторинг қилиш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, рецепт ёзиш ва тиббиёт муассасаларига йўналтириш ягона электрон платформа орқали амалга оширилади. Шунингдек аҳоли хавф омилларидан келиб чиқиб, гуруҳларга бўлинади. Ўрта ва юқори хавф гуруҳларидаги аҳоли тиббий кўриклардан ўтказилади ва саломатлиги кузатувга олинади. Юқори хавф гуруҳидаги ва тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олинади ва уйига борган ҳолда тиббий хизмат кўрсатилади.
Тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизими республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этилади.