Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Туркиянинг “Turkpermit” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда агентликнинг Ахборот хизмати маълум қилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Х.Умаров, Агентлик бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Ирматов, “Turkpermit” компанияси раиси Мурат Эршахиш ва масъул ходимлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон фуқароларини Туркияга ишга жалб қилиш ҳамда миграцияга оид бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистондаги меҳнат ресурслари салоҳияти, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, учрашувда Туркияда ишчи визасини олиш ва ишлаш тартиби, мазкур давлатда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун касб-ҳунар ва чет тилларини билиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

“Turkpermit” компанияси раиси меҳнат миграцияси соҳасида икки томонлама алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор эканини, шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон меҳнат бозорини ўрганиш мақсадида вилоятларга ташриф буюриш истагини билдирди.






