АсосийSalomatlik

Болаларнинг нафас аъзолари касалликлари — тасниф, таҳлил, даво чоралари

'Болаларнинг нафас аъзолари касалликлари — тасниф, таҳлил, даво чоралари'ning rasmi

Ҳозирда болалар касалликларига эътибор ҳар қачонгидан ҳам ошиб боряпти. Бунга бир томондан аҳолининг тиббий маданияти юксалганлиги сабаб бўлса, бошқа томондан атроф-муҳит таъсирида болаларда айрим касалликлар кучайиб бораётганини сабаб қилиб келтириш мумкин. Улар орасида нафас олиш аъзолари касалликларининг салмоғи юқорилиги болалар пульмонологлари олдига жиддий масалаларни қўймоқда. ССВ болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори Фурқат Шамсиев билан шу масалалар ҳақида маълумот берди.  

— Болалар нафас аъзолари касалликларига нималар киради?

—  Болаларда нафас аъзолари касалликлари бир неча гурухга бўлинган бўлиб, уларга инфекцион-яллиғланиш билан кечадиган ўткир ва сурункали касалликлар, аллерик касалликлар, чақалоқлик даврида ривожланган, туғма ва наслий касалликлар киради.  

Инфекцион-яллиғланиш билан кечадиган ўткир ва сурункали касалликларга юқори ва пастки нафас аъзолари касалликлари киради. Юқори нафас аъзоларидан кўпрок ринит, фарингит, тонзиллит, отит,  синусит, ларингит; пастки нафас аъзолари касалликларидан эса трахеит, бронхит (ўткир, сурункали, обструктив, қайталанувчи), бронхиолит, пневмония, плеврит, бронхоэктатик касалликлар учрайди.  

Аллергик касалликларга бронхиал астма, чақалоғлик даврида ривожланган касалликларга бронх-ўпка дисплазияси, Вильсон-Микити синдроми каби хасталикларни киритиш мумкин.

Наслий касалликларга ўпканинг идиопатик диффуз фибрози, идиопатик ўпка гипертензияси, ўпканинг альвеоляр микролитиази, картагенер синдроми, муковисцидоз, альфа-1 антитрипсин танқислиги каби қатор касалликлар киради.

Туғма касалликларга эса ўпканинг ривожланиш нуқсонларини киритишимиз мумкин.  

— Уларнинг хавфлилик даражалари ҳам турлича, шундай эмасми?

— Албатта, юқорида тилга олинган ҳар бир хасталикнинг хавфлилик даражаси ҳар хил. Баъзилари енгил шаклда кечса, аксариятининг хавфлилик даражаси анча юқори.  

Нафас олиш тизимининг асосий вазифаси — организмни кислород билан таъминлашдир. Бу тизимнинг бирор бўғинида шикастланиш кузатилса, бутун тизим ишдан чиқиши мумкин, бу эса организмда кислород етишмаслиги (гипоксия)га ва ундан кейин қайтариб бўлмайдиган жараёнларни юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.  

Бола организмида гипоксиянинг келиб чиқишига тўхталсак, биринчидан, бу боланинг нафас йўллари анатом-физиологик хусусиятларига боғлиқ бўлса, иккинчидан, нафас йўллари ўта сезувчан бўлиб, турли инфекция, аллерген ёки бошка қўзғатувчига дарров гиперсезгирлик реакциясини бериб, нафас сиқиши, ҳансирашга олиб келиб, боланинг хаётига хавф туғдириши мумкин. Юқорида санаб ўтилган касалликларнинг барчаси озми-кўпми боланинг ҳаётига хавф туғдиради.  

Айниқса, ўткир бронхообструкция, ўпкада газлар алмашунивининг бузилиши, нафас қисиш хуружи (астматик статус) ва бошқа ҳолатлар ўткир нафас етишмовчилиги натижасида боланинг ҳаёти учун ўта хавфли хисобланади.  

— Болалардаги пульмонолгик касалликларнинг енгил даражаларини  уй шароитида даволаш имкони қай даражада?

—  Болаларда нафас олиш аъзолари касалликларининг енгил даражасини даволашни уй шароитида ҳам ташкил қилиш мумкин. Даволаш жараёни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган даволаш стандартлари асосида участка шифокори назоратида олиб борилиши керак. Ота-оналар боласига ўз вақтида дориларни бериб, касалликнинг кечиши ҳақида участка шифокорига маълумот бериши керак. Уйда хоналарни тез-тез шамоллатиб, тозаликка риоя қилиб, боланинг ёшига мос витамин ва минералларга бой махсулотлар билан тўғри овқатлантириш, кўп суюқлик ичириш керак. Болага тўғри нафас олишни,  ва нафас олиш гимнастикасини ўргатиш лозим. Сурункали касалликлари бор болаларга эса касаллик хуружи пайтида уй шароитида ингаляция(дори моддаларини нафас йўлларига киритиш)ни ёки нафас олишга ёрдам берувчи қурилма (небулайзер)дан фойдаланишни ҳам ўргатиш керак. Бола тузалгандан кейин унга шахсий гигиена қоидаларини, соғлом турмуш тарзига риоя қилишни тушунтириб бориш зарур бўлади.  

    Бошқа янгиликлар