АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда барча ҳайвонларга “паспорт” жорий этилади

Қонунга кўра, 7 августдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ҳайвонлар белгиланган тартибда ҳисобга олиниши керак бўлади.

'Ўзбекистонда барча ҳайвонларга “паспорт” жорий этилади'ning rasmi

Ўзбекистонда сақланадиган ва кўпайтириладиган ҳайвонларни мажбурий идентификация қилиш ҳамда рўйхатга олиш тартиби жорий этилмоқда.

2025 йил 6 августда қабул қилинган "Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида"ги қонунга кўра, 7 августдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ҳайвонлар белгиланган тартибда ҳисобга олиниши керак бўлади.

Мазкур соҳада ваколатли давлат органи сифатида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси белгиланган.

Қонунга кўра, ҳайвонларни рўйхатга олиш муддатлари қуйидагича белгиланган:

— қорамол, қўй, эчки ва туялар — туғилганидан 14 кун ўтгач;
— отлар — туғилганидан 4 ой ўтгач;
— чўчқалар — туғилганидан 1 ой ўтгач;
— ит ва мушуклар — туғилганидан 3 ой ўтгач.

Белгиланган муддатлар тугаганидан кейин ҳайвонлар 1 ойдан кечиктирилмасдан идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистонга сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида олиб кирилган ҳайвонлар ҳам 21 кун ичида ҳисобга қўйилиши керак бўлади. Ҳайвонлар нобуд бўлган, сўйилган ёки мамлакат ташқарисига олиб чиқилган тақдирда, улар 7 кун ичида рўйхатдан чиқарилади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш ва кузатиш ишлари эгалар маблағлари, ҳомийлик маблағлари, давлат бюджети ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Қонун талабларига кўра, ҳайвон эгалари ўз ҳайвонларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши, маълумотлар ўзгарган тақдирда ваколатли органга хабар бериши ҳамда идентификация қилинмаган ҳайвонларни сақлаш ёки кўпайтиришга йўл қўймаслиги шарт.

Мутахассислар таъкидлашича, янги тартиб ҳайвонларни ҳисобини юритиш, ветеринария назоратини кучайтириш ва чорвачилик соҳасида самарали бошқарув тизимини йўлга қўйишга хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда барча ҳайвонларга “паспорт” жорий этилади - Darakchi.uz