АсосийСИËСАТ

Собиқ солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 8 йил 2 ойга қамалди

У 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум этилди.

'Собиқ солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 8 йил 2 ойга қамалди'ning rasmi

27 июль куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 57 ёшли Мубин Мирзаев ва яна 8 нафар шахсга оид жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати хабар берди.

Суд ҳукми билан Мубин Мирзаев Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топилган:

— 168-модда 4-қисми "а" банди (ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш);

— 205-модда 2-қисми "а" банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш);

— 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги).

Унга 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Иш бўйича бошқа судланувчилар ҳам Жиноят кодексининг шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятлар бўйича айбдор деб топилган.

Уларга 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Суд ҳукми билан етказилган зарарларни ундириш ҳам белгиланган.

Тайинланган жазо муддати судланувчиларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Мубин Мирзаев жорий йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида лавозимидан озод этилган эди.

Ўшанда Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан Чорсу бозорида тўлов интизоми талаб даражасида эмаслиги, "Малика" савдо комплексида эса вазият янада оғир экани танқид қилинган.

Шунингдек, Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғи бўйича сунъий равишда ортиқча тўлов ҳосил қилиш ва уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган.

Маълумот учун, Мубин Мирзаев 1969 йилда туғилган. У Тошкент давлат университети, Тошкент молия институти ҳамда Япония сиёсий тадқиқотлар миллий институти магистратурасини тамомлаган.

У 2006–2008 йилларда Марказий банкда Монетар сиёсат ва иқтисодий таҳлил департаментини бошқарган. Кейинчалик Молия вазири ўринбосари, Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Мубин Мирзаев 2018 йил декабридан Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

    Бошқа янгиликлар