Янги Наманган тумани ҳокимлиги тавсиясига биноан Жобирхон Алихонов "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Ундан олдин мазкур лавозимда Янги Наманган тумани ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган Обидхон Дадашев фаолият юритган. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.
Асли касби фельдшер бўлган, Наманган шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникасининг травм пунктида узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган Жобирхон Алихонов Фейсбук, Телеграм каби ижтимоий тармоқларда ўткир, долзарб мавзулардаги чиқишлари билан эътибор ва ҳурмат қозонган.
У айни вақтда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари ва жамоатчилик ўртасида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни янада яхшилаш, саҳоват тадбирларида ҳам фаоллиги билан танилган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил февраль ойида Наманганга ташрифи чоғида кескин танқид остига олган Бунёдкор маҳалласи бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида обод ва кўркамлик қиёфасига кирмоқда.