Светлогорск шаҳридаги (Калининград вилояти) "Болтиқбўйи дебютлари" халқаро кинофестивалида Ўзбекистоннинг Франциядаги туризм элчиси Жерар Депарденинг "Менинг ўзбек орзуйим" филми махсус намойиши бўлиб ўтди.

Жерар Депарде иштирокидаги ҳужжатли фильм сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва хорижда мамлакатимизнинг ижобий имижини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмаги остида 2019 йилда «B-Tveen» кинокомпанияси томонидан суратга олинган.
“Mon rêve ouzbek” (“Менинг ўзбекча орзуйим”) фильми илк намойиши ўтган йили 7 октябрда Франциянинг “Paris Première” телеканалида бўлиб ўтган. Фильм Ўзбекистоннинг олтита шаҳри - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Нукусда тасвирга олинган.
Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов билан учрашув чоғида Депарде “Ўзбекистон ноёб географик ҳудудда жойлашганлиги билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган бу мамлакат ўзидан ташқари атрофдаги мамлакатларнинг ранг-баранг маданиятларидан кўплаб анъаналарни жамлаган”,- деб таъкидлаган.
Фильмда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги намойиш этилади. Фильмнинг режиссёри Aрно Фрилле томошабинларга фильмнинг қандай суратга олинганлиги ва уни Жерарнинг Ўзбекистонга сафари давомида ёзган китоби сифатида қараш мумкинлигини қайд этган.
Янги ҳужжатли фильм намойиши бутун Европа жамоатчилигини ўзбек халқининг бетакрор маданий-тарихий мероси ва анъаналарини яқиндан таништиришга қаратилган.






