Жорий йилнинг қарийб 7 ойи давомида шаҳар “103” хизматига коронавирусга гумон қилинган, пневмония ва “COVID-19” касаллиги тасдиқланган ҳамда бошқа юқумли хасталиклар билан жами 22 мингдан зиёд чақирув келиб тушди. Жумладан, июль ойининг 28 санасига қадар “Тез ёрдам” хизматига мурожаат қилган 12 минг 38 нафар катта ёшли ва 895 нафар 18 ёшгача бўлган ана шундай беморларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ маълумот берди.
Маълум бўлишича, айни пайтда шаҳар “103” хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 4700 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Жумладан, сўнгги 10 кун ичида (19 июлдан – 28 июлгача) 46 минг 569 та чақириқ келиб тушган бўлса, шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирус ташхиси қўйилган ва бошқа юқумли касалликлар билан 12 минг 933 нафар беморга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Фуқаролар асосан тана ҳароратининг ошиши, бош оғриғи, нафас олишнинг қийинлашиши, кўнгил айниши, қон босимининг кескин кўтарилиши каби симптомлар билан мурожаат қилмоқда.
"Аммо ўрни келганда аҳолимизга шуни мурожаат қилиб айтардимки, улар ҳам бугунги синовли дамларда биз тиббиёт ходимларига кўмак берсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Афсуски, айни пайтда баъзи фуқаролар истимаси салгина кўтарилса ёки боши бироз оғириб қолса дарров ваҳимага тушиб, “Тез ёрдам”га мурожаат қилмоқда. Ваҳоланки, ҳароратнинг кўтарилиши фақат коронавирус инфекцияси ёки пневмониянинг симптомигина эмас. Қолаверса, одамнинг истимаси 37-37,5 ёки 38 даражага чиқиши билан дарров аҳволи оғирлашиб қолмайди. Шу боис, халқимиз буни тўғри тушуниши, агар шундай бўлган тақдирда, энг аввало, оилавий шифокорга мурожаат қилиши ва унинг тавсияларига риоя этиши зарур",– деди шифокор.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, аҳолининг “103” хизматига мурожаатлари сони ошиб бораётганлиги сабабли жорий йил июль ойида Тошкент шаҳар “Тез ёрдам” хизмати автопаркига 65 та янги автотранспорт воситаси олиб келинди ҳамда тиббиёт ходимларидан иборат қўшимча бригадалар ташкил этилди.
Шунингдек, чақириқларга ўз вақтида жавоб бериш, уларни тез тиббий ёрдам бригадаларига тезкор равишда узатиш ҳамда тармоқда бирон бир бандлик ҳолатлари кузатилмаслиги учун шаҳар “103” хизмати CALL-маркази операторлари сони қўшимча 40 нафарга оширилиб, жами 80 нафарга етказилган.