1

Болаларда коронавирус аниқланиши ҳолатлари кўпайди. Улар қандай даволанади?

САЛОМАТЛИК 30.07.2021, 19:30
Теглар: коронавирус
Болаларда коронавирус аниқланиши ҳолатлари кўпайди. Улар қандай даволанади?

Сўнгги вақтларда болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани сезилди. Вируснинг делта штамми болалар орасида кенг тарқалиши оқибатида Зангиота махсус шифохонасига қўшимча равишда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказида ҳам коронавирус билан зарарланган болаларни даволаш учун 250 та ўрин ташкил қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Гулмира Тошниёзова ўз мақоласида маълум қилди.

Педиатрия маркази даволаш ишлари бўйича директори ўринбосари, бош шифокор Абдуманнон Абдуқаюмов марказдаги бемор болаларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди.

Шифокор коронавирусга чалинган болаларни уй шароитида даволаш, уларга қўлланадиган дори-дармонлар тўғрисида ҳам маслаҳатлари билан ўртоқлашди.

8 кунлик чақалоқда ҳам COVID-19 аниқланган

«Иситмаси чиққан беморимиз 8 кунлик чақалоқ, эрталаб онаси боланинг иситмалаётганини билган ва тез ёрдамга қўнғироқ қилган. Шифокор кўригидан кейин, экпресс тест топширишган, натижа ковид борлигини кўрсатган. Болада 3 кун ичида пневмония аломатлари аниқланмаса, уй шароитида бемалол даволаса бўлади. Фуқароларга бундай ҳолатда қандай йўл тутилишини тушунтиряпмиз, мабодо пневмонияга ўтса, стационар шароитда даволаниш шарт», дейди шифокор.

Мутахассиснинг айтишича, болани стационарда ётқизишда бир неча ҳолатга эътибор бериш керак:

  • болада ҳансираш кузатилса;
  • нафас олиши ёмонлашса;
  • сатурацияси тушиб кетса;
  • ҳолсизланиш кузатилса;
  • тана ҳарорати 3 кун давомида 38,5дан баланд бўлса.

 

Осма укол ва антибиотиклар болага зарар етказади 

«Стационар даволанишда боланинг ҳолатига қараб турли дорилар ишлатилади. Болада пневмония аниқлангандагина антибиотиклар ишлатилиши тавсия этилади. Лекин уй шароитида мутлақо тавсия қилинмайди. Бундан ташқари, осма уколлар айниқса аҳоли орасида жуда кенг тарқалган, болаларга осма уколлар қилишда жуда эҳтиёткор бўлиш зарур. Чунки болада осма укол туфайли ўпка шишиши тез рўй беради. Шу сабабли уйда болага осма укол қилиш ман этилади. Бизнинг стационарда 250дан ортиқ бемор даволаняпти, ҳаммаси тузалиб тез кунда уйига қайтяпти. Шароитлар яратилган ва барча зарур дорилар олиб келинган.

Ўтган йили вирусга чалиниш болаларда кам учраганди, ҳозирги кунда мутацияланган вирусга чалиниш ҳолатлари кўпроқ болаларда кузатилмоқда. Болаларда енгил ўтса ҳам, улар ташувчи бўлиб катталарга юқтириш ҳолати кўп бўляпти.

Болаларда COVID-19’ни даволашда анализ диагностикаси ва даволаш бўйича марказимиз мутахассислари, академик, профессорлар томонидан тавсияномалар ишлаб чиқилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни республика бўйлаб қўллашни тавсия қилган. Унда бутун дунёда ўрганилган тажрибалар умумлаштириб берилган. Ҳозирги вақтда болаларда касаллик 95-97 фоиз енгил, симптомсиз ва ўрта ҳолатда кечмоқда. Бунда уй шароитида даволаниш ҳам мумкин.

Юқоридаги ҳолатларда яққол белги иситма кўтарилиши ҳисобланади. Бунда 1 ёшгача болаларда 38, бир ёшдан катта болаларда 38,5дан баланд бўлса, иситма туширишга ҳаракат қилинади. Даволаш протоколларимизда уй шароитида даволашда 3тагина дори тавсия этилган. Бу оилавий поликлиникаларга берилган, булар витамин Д, аскорбин кислотаси, цинк препарати. Катталардан фарқли равишда болалар учун ёшига мос дозада бериш керак.

Тавсия этилмайдиган дорилар рўйхатига антибиотиклар киритилган. Баъзи ота-оналар бир-икки кун иситмалаган болага антибиотиклар бериши кузатиляпти. Бу болага фойда ўрнига зиён етказади.

Болаларда иситма кўтарилиб, ковид аломатлари кўрина бошласа биринчи навбатда уни яккалаш керак, яъни изоляцияга олиб уйдаги бошқа инсонлар билан мулоқотини чеклаш лозим. Шунингдек, стационарда даволаниб чиққан болалар ҳам 14 кун давомида бошқалардан алоҳида хонада олиб ўтирилади. Кейинги бажариладиган ишлар ҳар куни боланинг юз-қўлини ювиш, ота-онаси одам кўп тўпланадиган жойларга чиққанда ниқоб тақиши шарт».

Болаларда COVID-19’нинг асоратлари кейинчалик кузатилиши мумкинми?

«Албатта, болаларда ҳам ковид асоратлари қолиши мумкин. Бу қандай ҳолларда учрайди: агар бола соғлом туғилиб ва соғлом юрган бўлса-ю, тўсатдан касалликка чалиниб даволаниб чиққан бўлса, бу ҳолда асоратлар қолмайди. Лекин иммун танқислиги бўлган болалар, хроник касаллиги бўлган болалар ва наслий касаллиги бўлган болаларда ковид касаллиги турли асоратлар қолдириши мумкин. Бизнинг ихтисослашган марказда барча мутахассислар жамланган, мободо юқоридаги ҳолатдаги беморлар келадиган бўлса, алоҳида ёндашилади ва асоратлар қолмаслигига ҳаракат қилинади. Ҳозиргача адабиётларда олимлар кўрсатган асоратлар учрамади. Бу албатта даволаниш тўғри қилинаётганини кўрсатади.

Барча ота-оналар мурожаат қилиб айтардимки, 95-97 фоиз болаларда ушбу касаллик енгил ва симптомсиз кечмоқда, шунинг учун иситма кўтарилганда ваҳимага тушмасдан, маҳаллий шифокорга мурожаат қилиб маслаҳатлашиш, тавсия қилинган дорилардан ташқари антибиотик ва осма уколларни олмасликни тавсия қиламан. Агарда 3 кундан сўнг ҳам бола иситмаласа, сатурацияси 93дан кўтарилмаса, стационарга мурожаат қилишларини сўрайман», дейди шифокор.

Шарҳлар

Коронавирусга қарши вакциналарнинг бустер дозаси инсульт хавфини келтириб чиқармайди — ЖССТ 

23.01.2023, 11:20

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг иммунизация ва вакцинация масалалари бўйича директори Кейт О’Брайен коронавирусга қарши эмлаш воситалари самарадорлиги ва хавфсизлиги ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда ССВ...
⚡️Хитойда бир кунда 37 миллионга яқин одам COVID-19 билан касалланди

23.12.2022, 20:25

20 декабрь куни бир кунда Хитойда 37 миллион киши коронавирус билан касалланди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг ёпиқ йиғилишига таяниб хабар...
Шифокорлар янги тўлқиндаги коронавируснинг аввалгилари билан фарқлари ҳақида маълум қилди

06.09.2022, 09:07

Янги тўлқиндаги коронавирус белгилари SARSга ўхшайди ва пневмония ва бронхит камроқ тарқалган, дейди шифокорлар. Бу ҳақда "стопкоронавирус.рф" сайтида хабар қилинди. Янги тўлқинда COVID-19 нинг олдини олиш...
19 июль куни Ўзбекистонда яна 70 кишида коронавирус аниқланди — ССВ

20.07.2022, 10:34

Кеча, 19 июль куни Ўзбекистонда яна 70 нафардан зиёд кишида коронавирус аниқланди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати. Шу билан, 2022 йил 19 июль ҳолатига кўра,...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1