АсосийСИËСАТ

Aбдулазиз Камилов Корея Ташқи ишлар вазири билан учрашди(фото)

Кеча, 30-июл куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Сеул шаҳрид...

'Aбдулазиз Камилов Корея Ташқи ишлар вазири билан учрашди(фото)'ning rasmi

Кеча, 30-июл куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Сеул шаҳрида Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Чон Ий Ён билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Вазирлар олий даражадаги музокаралар, хусусан, шу йилнинг январ ойида бўлиб ўтган онлайн саммит доирасида эришилган келишувларнинг амалга ошириш жараёнини кўриб чиқдилар.

Турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларнинг кун тартиби ва жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Томонлар таълим соҳасида эришилган натижаларни мамнуният билан қайд этдилар. Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг бешта етакчи университетлари филиаллари, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Фарғонадаги касб-ҳунар таълими марказлари фаолият юритмоқда, мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда Жанубий Корея тажрибаси жорий этилмоқда.

Юқори технологиялар, яшил ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги билдирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро муносабатларнинг айрим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Вазир Корея Республикасининг Корея ярим оролидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ва корейслараро мулоқотни қайта тиклаш борасидаги сиёсатини Ўзбекистон қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Ўз навбатида, Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги интеграцион жараёнларни ривожлантириш ташаббусларини олқишлади.

Музокараларда қатор халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар