Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалаласи кўриб чиқилди.
Маълумки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада 2016 йилда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи тизимга айланди.
Шу билан бирга, ушбу йўналишда жорий йилнинг 23 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилишларига мажбур қилаётган муаммоларни маҳалланинг ёки ҳудудларнинг ўзида ҳал қилиш тизими тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги қаттиқ танқид қилинган ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис Сенатига аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарларининг ҳисоботини ҳар чоракда, маҳаллий ҳокимликлар ҳисоботини эса маҳаллий Кенгашларда ҳар ойда эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйиш вазифалари берилди.
Шу аснода Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан Сенатга келиб тушаётган мурожаатларни чуқур таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ахборотларини танқидий кўриб чиққан ҳолда парламент назоратини кучайтириб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари эса ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ахборотини эшитиш ва танқидий жиҳатдан муҳокама қилиш, шунингдек, жамиятда қизғин баҳсларга сабаб бўлган мурожаатлар юзасидан тезкор эшитувлар ташкил қилган ҳолда мутасадди шахслардан изоҳ талаб қилиб, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш юклатилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига фуқаролардан энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалаларни таҳлил қилган ҳолда улар юзасидан тушунтиришлар бериб бориш бўйича вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини кучайтириш юзасидан зарур чоралар кўриш топширилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.






