Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ашхобод шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия (ҲК)нинг туркман томонидан раиси Э.Оразгелдиев билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, музокаралар чоғида ҲК Ўзбекистондаги навбатдаги йиғилишини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, ҲК доирасида Ўзбекистон-Туркманистон Ишбилармонлар Кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ташкил этилади. Бўлажак тадбирлар кун тартибини шакллантириш ва янги инвестициявий лойиҳалар ҳамда савдо битимларини ишлаб чиқишга қаратилган икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари фаоллаштирилади.
Икки мамлакат Транспорт вазирликлари томонидан санитария-эпидемиология талабларига риоя этган ҳолда тўғридан-тўғри ҳаво транспорти ҳамда халқаро автомобиль қатновларини қайта тиклаш масалалари устида иш борилишига келишиб олинди. Шунингдек, чегара ўтиш нуқталарининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, ўзаро савдонинг ўсиши учун тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳамда икки мамлакатнинг транспорт қувватлари ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилади. Ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва таклифлар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистонни боғловчи транспорт йўлакларини янада ривожлантириш учун тегишли “Йўл харитаси”да бирлаштирилади.
Музокаралар якунида томонлар эришилган келишувларни рўёбга чиқариш бўйича биринчи даражали саъй-ҳаракатларни белгилаб олдилар.






