Оғир атлетикачимиз Aкбар Жўраев Токио-2020 Олимпиадасидаги ғалабадан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таассуротларини Туризм ва спорт вазирлигининг Матбуот хизмати эълон қилди.
Оғир атлетика бўйича миллий терма жамоамиз аъзоси Aкбар Жўраевнинг Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритган муваффақияти ўзбек спорти учун улкан аҳамиятга эга. Бу билан ҳамюртимиз ўзбек оғир атлетикаси жаҳонда етакчилардан эканини яна бир карра кўрсатган бўлса, чемпионликнинг қўлга киритилиши Президентимиз ва миллионлаб ҳамюртларимизни ниҳоятда хурсанд қилди. Ўз навбатида, Aкбар Жўраев мусобақадан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди:
“Ҳаяжон жуда кучли. Aввало, Президентимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Олимпия ўйинлари – биз Янги Ўзбекистон ёшларининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиш учун ажойиб имконият. Президентимизнинг ёшларга берган ишончи ва меҳри менга яна-да куч берди. Бундан ташқари, мени қўллаб-қувватлаб турган барчага ўз миннатдорлигимни билдираман. Ушбу ғалабамни жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишладим. Париж-2024 Олимпиадасида ҳам худди шундай медал олишга бор кучим билан ҳаракат қиламан. Барча мураббийларим, менга мухлислик қилган ҳаммага раҳмат. Барча ҳаваскор ёшларга спорт билан шуғулланишни, машғулотларни охиригача олиб боришни тавсия қилган бўлардим”, – деди Олимпиада чемпиони ва рекордчиси Aкбар Жўраев.
Ўз навбатида биз ҳам Жўраевнинг келгуси фаолиятида омад тилаб қоламиз.