Ўзбекистонда транспорт логистикасини ривожлантириш, ташқи ва ички қатновларни кенгайтириш ҳамда транспорт хизматлари сифатини ошириш орқали мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонини янада ошириш мақсадида жорий йил бошида Транспорт вазирлиги томонидан Саудия Арабистони Қироллигининг “Flynas” авиакомпанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилиб, “Ар-Риёд–Тошкент-Ар–Риёд” авиарейсларини йўлга қўйиш бўйича келишувлар амалга оширилган.

Маълумот учун:
“Flynas” (илгари Nas Air) 2007 йилда ташкил топган. Flynas World Travel Awards томонидан кетма-кет беш йил ва Skytrax томонидан кетма-кет уч йил давомида Яқин Шарқнинг арзон нархлардаги етакчи авиакомпанияси деб топилган. Ушбу компания энг йирик бюджет авиакомпаниялардан бири хисобланади. 17 та маҳаллий ва 53 та халқаро йўналишлар бўйича мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда 27 та самолётлар паркига эга.
Бугун 5 август куни (Тошкент вақти билан соат 12:30да, XY-359 рейси орқали) Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳридан “Flynas” авиакомпанияси томонидан Тошкент шаҳрига биринчи авиапарвоз амалга оширилди.

A320NEO самолёти Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўнди. Ҳаммаси бўлиб бортда 18 йўловчи бўлган ва улар орасида RUH ва Flynas Management вакиллари бор. Мазкур рейсни Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги ҳодимлари ва ОАВ вакиллари кутиб олишди. “Flynas” парвозлари мунтазамлигини ҳисобга олиб, сайёҳлар оқими кўпайтирилади, Ўзбекистоннинг йирик туристик компания ва агентликлари вакилларини Саудия Арабистонига юборилади.
Бундан ташқари, у ерда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилади. Мазкур рейс, икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизга Саудия Арабистони Қироллигидан ташриф буюрувчи туристларнинг сонини ошишига ўз ҳиссасини қўшади.






