АсосийJamiyat

Болаларни давлат МТМга қабул қилиш тартиби қандай?

'Болаларни давлат МТМга қабул қилиш тартиби қандай?'ning rasmi

Болаларни давлат МТМга қабул қилиш тартиби қандай? Адлия вазирлиги бу ҳақда маълумот берди:

Ҳукуматнинг 20.05.2021 йилда қабул қилинган Қарорига кўра, жисмоний шахсларга ушбу давлат хизматини кўрсатиш тартиби қуйидагича:

1. Ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчи шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар), болаларнинг яқин қариндошлари (бобоси, бувиси, вояга етган акаси ёки опаси) ёки учинчи шахслар (ариза берувчилар) йўлланмалар олиш учун давлат хизматлари марказларига ўзлари келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.  

Давлат хизматидан комплекс тарзда фойдаланиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш билан бир вақтда мурожаат қилишлари ҳам мумкин.

2. Сўровнома тўлдирилиб, автоматик равишда Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимига юборилади.  

3. Тегишли ташкилот ва гуруҳда бўш ўрин бўлганда – йўлланма шакллантирилади, бўш ўрин бўлмаганда – сўровнома тегишлича умумий ёки имтиёзли рўйхатга киритилади ҳамда хабарнома шакллантирилади.  

 Имтиёзли рўйхатга киритиладиган болалар контингенти:  

●  I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари;

● кўп болали оилаларнинг болалари;

●  етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;

●  “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;

●  контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари;

●  талабалар ва педагогларнинг болалари;

●  акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;

●  кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар.

 Ариза берувчи болаларни ташкилотга қабул қилишни йўлланма шакллангандан сўнг 15 иш куни мобайнида расмийлаштирмаган тақдирда, йўлланма ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Хизматни кўрсатиш муддати:1 иш кунида  

Хизмат нархи: Бепул  

Шу ўринда, Давлат хизматлари агентлиги ҳам аҳолига мурожаат этмоқда: 

"Ҳурматли фуқаролар!  Болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш давлат хизматини кўрсатиш Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти асосида тартибга солинади.  Ушбу регламент талабига кўра, фуқаро ўзи келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.  

Ҳурматли ота-оналар!

Фарзандингизни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун мурожаат қилганингиздан сўнг, унинг навбатини Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг веб саҳифаси  ва @MtmNavbatBot Telegram-боти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кузатиб боришингизни сўраймиз. "

Бошқа янгиликлар