6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувда Давлатимиз раҳбари долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди ва қатор таклифларни илгари сурди.
Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш минтақа мамлакатларининг умумий стратегик манфаатларига мос келади. Кенг ривожланган ва интеграциялашган транспорт тизими Евроосиё қитъасининг муҳим транзит хабига айланишга қодир.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари амалдаги транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини, шу жумладан Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларини имкон қадар тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга чақирди.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Ўзбекистон келажакда “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешавор” трансафғон йўлаги, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” автомобиль ва темир йўллари имкониятларидан фойдаланиш ниятида эканлигини билдирган.
Шунингдек, санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш муҳим экани қайд этган.






