6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувда Давлатимиз раҳбари долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди ва қатор таклифларни илгари сурди.
Пандемияга қарши курашишда яқиндан мувофиқлашув ва ўзаро ёрдам масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шавкат Мирзиёев шу мақсадда тест натижалари ва эмлаш сертификатларини тан олиш бўйича ягона ахборот тизимини ишга тушириш, юқумли касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш соҳасидаги тажриба алмашишни кенгайтириш, фармакология соҳасида илмий ҳамкорликни ҳамда ҳаётий муҳим дори воситаларини ишлаб чиқаришда кооперацияни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари минтақанинг экологик муаммолари ҳамиша диққат марказида туриши кераклигини таъкидлади. Бу борадаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш бўйича барча чораларни кўриш зарур.
Шу маънода Ўзбекистон Президенти мамлакатларимизнинг иқлим ўзгаришларига мослашишига, ресурс тежовчи технологияларнинг яна кенг жорий этилишига хизмат қиладиган “Марказий Осиё учун “яшил” кун тартиби” минтақавий дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ўзбекистон етакчиси минтақамизнинг дунёнинг бошқа йирик минтақалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим эканини қайд этди. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича халқаро конференцияни қўллаб-қувватлагани ва делегациялари унинг ишида фаол иштирок этгани учун давлат раҳбарларига миннатдорлик билдири.
Умумий саъй-ҳаракатлар билан ушбу масала бўйича БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилиниши, бу жараёнда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳам фаол иштирок этишига ишонч билдирилди.






