АсосийЖамият

Журналистлар учун Тошкентдаги ўпкани сунъий нафас олдириш ускуналари ишлаб чиқарувчи заводда инфо-тур ташкиллаштирилди (фото)

"CHIRANA" - анестезик нафас олиш аппарати (НДА) ва ўпкани сунъий нафас олдириш ускуналарин...

'Журналистлар учун Тошкентдаги ўпкани сунъий нафас олдириш ускуналари ишлаб чиқарувчи заводда инфо-тур ташкиллаштирилди (фото)'ning rasmi

"CHIRANA" - анестезик нафас олиш аппарати (НДА) ва ўпкани сунъий нафас олдириш ускуналарини (ИВЛ) ишлаб чиқарувчи Словакиа-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу компанияда журналистлар учун инфо-тур ташкиллаштирди. Бу ҳақда "Даракчи.уз" мухбири хабар бермоқда. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги "Яшнобод" инновацион технопарки резиденти "Chirana Asia" ҚК МЧЖ шу йилнинг 16 март куни Тошкент шаҳрида очилган. Компаниянинг асосий стратегик вазифа – Ўзбекистон Республикасида ўпкани сунъий нафас олдириш, анестезик ва нафас олиш ускуналари, тиббий симуляторлар, консоллар ишлаб чиқариш комплексини яратиш орқали юртимизнинг барча тиббиёт муассасаларини юқори даражадаги ускуналар билан жиҳозлаш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишдир.

Бугунги кунга келиб компанияда 70 дан ортиқ тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ўпкани сунъий нафас олдириш ускуналари Ички ишлар вазирлиги госпитали, 1-сонли шаҳар шифохонаси, «ДМC»клиникаси ва бошқа шифохоналарда ўрнатилган бўлиб, улардан 10 минг соатдан ортиқ фойдаланилди.

Шунингдек, компания томонидан Словакиянинг "Сhirana" компаниясида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон тиббий муассасаларига ўрнатилган кўплаб қурилмалари текширувдан ўтказилди. Шифохоналар омборларида яроқсизлиги сабабли фойдаланилмаган қурилмалар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

“Chirana Аsia” заводининг ўқув марказида ҳар ойда Ўзбекистоннинг таниқли реаниматолог-анестезиологлари ва заводнинг етакчи мутахассислари томонидан ишлаб чиқариш ускуналари ва ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишиш бўйича амалий ўқув семинарлари ўтказиб келинмоқда.

Ҳозирда коронавирус пандемиясининг турли хил штаммлари авж олган даврда ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратларидан ташқари, ковид марказлари ва жонлантириш бўлимларида ўпкани сунъий нафас олдириш ва анестезик нафас олиш аппаратларига мос келувчи универсал нафас олдириш контурлари, небулайзерли нафас олиш кислород ниқоблари ва фаол кислородли терапия учун иссиқлик-намлик алмашинувчи элементли фильтрлари кўринишидаги сарфланувчи ва бошқа материалларнинг кескин етишмовчилиги юзага келмоқда. «Сhirana» компанияси буларнинг барчасини Ўзбекистон, Россия ва Словакия корхоналаридаги омборхоналаридан зарур миқдорда етказиб бериш имкониятига эга.

Бугун биз фахр билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда ҳам жаҳон стандартларига мос тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди тез орада Марказий Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг турли мамлакатларидаги кўплаб тиббиёт муассасаларида профессионал ҳамжамият томонидан тилга олинади.

Маълумот ўрнида, 1935 йилда ташкил этилган таниқли Европа тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчиси "СHIRANA" бугунги кунда Шарқий Европада тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Ўтган асрнинг 50 йилларда собиқ СССР бозорига кириб келган "СHIRANA" томонидан ишлаб чиқариладиган тиббий ускуналар арзонлиги, ишончлилиги, ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш хусусиятлари билан анестезиолог ва реаниматологларнинг асосий ёрдамчиларига айланди. 

Бошқа янгиликлар