АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Польшада топилган ўзбекистонлик жангчининг медали Ўзбекистонга қайтарилади

Маълум қилинишича, медаль Польша ҳудудида олиб борилган эксгумация ишлари давомида аниқланган.

'Польшада топилган ўзбекистонлик жангчининг медали Ўзбекистонга қайтарилади'ning rasmi

Польшада Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи Урун Басар Куздаевга тегишли “Жасорати учун” медали топилди. Тарихий мукофот Ўзбекистонга қайтарилиб, мамлакатдаги музейлардан бирига топширилади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, медаль Польша ҳудудида олиб борилган эксгумация ишлари давомида аниқланган. У 1925 йилда туғилган Урун Басар Куздаевга тегишли экани маълум бўлган.

24 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси дипломатлари Польша Маданият ва миллий мерос вазирлиги давлат котиби Божена Желазовска билан учрашди. Унда Мазовия воеводалигининг ёдгорликларни муҳофаза қилиш идораси, Польша Қизил Хоч ташкилоти ва бошқа муассасалар вакиллари ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида медални Ўзбекистон томонига тантанали топшириш маросими ўтказилди. Келишувга кўра, мукофот Ўзбекистон Маданият вазирлиги орқали мамлакатдаги тегишли музейлардан бирига юборилади.

Шунингдек, учрашувда икки мамлакатнинг маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш ва тегишли ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

    Бошқа янгиликлар