АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда бир йиллик мактабга тайёрлов курслари ягона дастур асосида олиб борилади

Сўнгги етти йилда олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов билан қамраб олиш кўрсаткичи 37 фоиздан 98 фоизга етган.

'Ўзбекистонда бир йиллик мактабга тайёрлов курслари ягона дастур асосида олиб борилади'ning rasmi

Ўзбекистонда бир йиллик мактабга тайёрлов курслари қаерда ташкил этилишидан қатъи назар, ягона дастур асосида олиб борилади. Бу ҳақда Таълим ва илм-фан вазирлигининг Рақамли трансформация ва ахборот сиёсати департаменти раҳбари Манучеҳр Мирзаев маълум қилди.

Унинг билдиришича, боғчалардаги тўлиқ ва қисқа муддатли гуруҳлар, шунингдек, мактабларнинг бўш синфхоналарида ташкил этиладиган тайёрлов гуруҳлари учун бир хил дастур амал қилади.

Сўнгги етти йилда олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов билан қамраб олиш кўрсаткичи 37 фоиздан 98 фоизга етган. Бироқ ўқитиш сифати, педагоглар салоҳияти ҳамда тайёрлов дастурларининг бошланғич таълим билан интеграцияси борасида муаммолар мавжуд.

Қонун қабул қилингач, ушбу муаммоларни ҳал этишни назарда тутувчи қонун ости ҳужжати ишлаб чиқилади.

Бир йиллик мактабга тайёрлов тизими орқали қуйидаги натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда:

  • олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов билан 100 фоиз қамраб олиш;

  • болаларнинг мактаб таълимига тайёргарлигини яхшилаш;

  • таълим давомийлигини халқаро стандартларга мослаштириш;

  • Инсон капитали индексидаги таълим қамровининг ялпи коэффициенти ҳамда таълим олишнинг кутилаётган давомийлиги бўйича Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш.

Мирзаевнинг ёзишича, таълим давомийлиги таъминлангач, ўқув дастурлари ҳам босқичма-босқич халқаро талабларга мослаштирилади.

Вазирлик вакилининг фикрича, таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтгач, Foundation дастурида ўқишга эҳтиёж қолмайди. Бундай тажриба ҳозир Президент мактаблари ва Беруний номидаги ихтисослаштирилган мактабда йўлга қўйилган.

    Бошқа янгиликлар