АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Колонияда маҳкумга наркобизнесни бошқаришга ёрдам берган мулозим 11 йилга қамалди

Маҳкум учун колониянинг реабилитация марказида муассаса ходимларига мўлжалланган алоҳида хона ажратилган.

'Колонияда маҳкумга наркобизнесни бошқаришга ёрдам берган мулозим 11 йилга қамалди'ning rasmi

Ўзбекистонда жазони ижро этиш колониясида маҳкумга гиёҳвандлик савдосини бошқариш учун шароит яратиб берган колония бошлиғининг собиқ ўринбосари 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Darakchi.uz суд ҳужжатлари билан танишиб хабар берди.

Ҳужжатларга кўра, Қ.М. 2024 йил декабридан 13-сон жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг тезкор-қидирув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. У жорий йил 10 март куни қўлга олинган.

Қ.М. колонияда жазо ўтаётган О.М. билан жиноий гуруҳ таркибида ҳамкорлик қилган. О.М. қамоқхонада бўлишига қарамай, гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи интернет-наркодўконни бошқаришни давом эттирган.

Маҳкум учун колониянинг реабилитация марказида муассаса ходимларига мўлжалланган алоҳида хона ажратилган. У ерда видеокузатув камералари бўлмаган. 2025 йил 26 январдан бошлаб О.М. ушбу хонада ёлғиз яшаган ва колония ҳудудида эркин ҳаракатланиш имконига эга бўлган.

Шунингдек, О.М.ни реабилитация марказида фойдали меҳнатга жалб қилиш ҳақида расмий буйруқ чиқарилган. Бироқ амалда у ҳеч қандай меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган.

Қ.М. маҳкумга яширин равишда мобил телефон ҳам етказиб берган. О.М. ушбу телефон орқали Telegram мессенжеридаги “Druid” номли интернет-наркодўкон фаолиятини бошқарган ва озодликдаги шерикларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб турган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган тезкор тадбирлар натижасида наркогуруҳ фаолиятига алоқадор шахслар қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида иш 17 ноябрь куни кўриб чиқилган. Суд ҳукми билан О.М. 14 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилган. У ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига ҳам ҳукм ўқилган. Эркак судланувчиларга 9 йил 11 ой 27 кундан 14 йилгача, икки нафар аёлга эса 7 йил ва 8 йил 6 ой қамоқ жазоси тайинланган. Улар жазони ўташ жойларида гиёҳвандликдан мажбурий даволаниши керак.

Судда Қ.М. ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган. У реабилитация марказининг алоҳида раҳбарияти бўлгани, маҳкумларни марказга жойлаштириш унинг ваколатига кирмаганини айтган. О.М. колония бошлиғининг буйруғи билан хўжалик мудири лавозимига тайинланганини ва уни ишга жойлаштиришда шахсан иштирок этмаганини билдирган.

Қ.М. шунингдек, маҳкумнинг алоҳида хонада яшаши масаласини ҳал қилмаганини ва унинг мобил телефони борлигидан фақат тезкор тадбир ўтказилган куни хабар топганини айтган. Бироқ суд иш материалларидаги далиллар унинг жиноий фаолиятга алоқадорлигини исботлайди, деб топган.

Суд Қ.М.ни телефон киритиб бериш эвазига 3 400 АҚШ доллари пора олиш айблови бўйича далиллар етарли эмаслиги сабабли оқлаган. Бироқ у Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “б” банди ва 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилган.

Қ.М.га уч йил муддатга Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан бирга 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

    Бошқа янгиликлар