Кипр президенти Никос Анастасиадис Мисрга тегишли ҳаво лайнерининг олиб қочилиши теракт эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “Вести” хабар бермоқда.
“Ҳар доим ҳамма нарса аёллар билан боғлиқ”, – деди у бўлиб ўтган ҳодисани изоҳлар экан.
Бугун эрталаб Иброҳим Сомахи исмли шахс Egypt Air авиакомпаниясининг Искандария-Қоҳира йўналишида парвоз қилаётган А320 самолётини гаровга олди.
У самолёт командирини Ларнак аэропортига қўнишга мажбур қилиб, акс ҳолда ўзини портлатиб юбориш билан таҳдид қилди.
Самолёт қўнгач у гаровдаги йўловчиларнинг барчасини озод қилган. Айрим маълумотларга кўра, ҳозирда самолёт ичида фақат экипаж аъзолари қолган. Самолётни олиб қочган шахс унга сиёсий бошпана тақдим этилишини талаб қилмоқда. Бундан ташқари, у Кипрда яшовчи собиқ рафиқасига хат бериб юборган. Полициячилар айни пайтда аёлни излаб топишган ва у турмуш ўртоғи билан музокараларда иштирок этиш учун аэропортга келган.