Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бокс бўйича Токио-2020 Олимпиадаси ғолиби сариосиёлик Баҳодир Жалолов хонадонига вакил юборди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Тўра Боболовнинг табригини спортчининг оиласига етказиш мақсадида вилояти ҳокими ўринбосари, туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев ҳамда бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдумуталиб Арабов Баҳодир Жалоловнинг хонадонига боришди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 август куни Олимпиаданинг сўнгги кунида бокс бўйича супер оғир вазнда (+91) ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов олтин медаль учун америкалик Ричард Торрезга қарши рингга кўтарилди ва Ўзбекистонга учинчи олтин медални тақдим этди.
Шу билан Олимпиада ўйинлари Ўзбекистон делегацияси учун якунланди. Токиодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон 3 та олтин ва 2 та бронза медалларига эга чиқди.





