Буқоқ наслдан-наслга ўтиши бор гапми? Кўплаб инсонлар организмида учрайдиган ушбу касаллик ҳақидаги саволларга Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори вазифасини бажарувчи Феруза Хайдарова жавоб берди.
Буқоқ касаллиги нафақат катталарда, балки болаларда ҳам кўп кузатилади. Айниқса, юртимизда болалар ва ўсмирлар орасида буқоқнинг эндемик тури жуда кўп учрайди. Бу касаллик уларнинг ўсиш жараёнини кечикишига, хотиранинг пасайиши ҳамда иммунитетнинг тушишига олиб келади. Баъзан эса боланинг ақлан ожиз бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, уларнинг егуликларида кунлик йод миқдори меъёрда бўлишига эътибор қаратиш лозим.
Ёшга нисбатан йодга бўлган кунлик миқдор қуйидагича:
0-2 ёшгача бўлган болалар учун – 50 мкг.
2-6 ёшгача бўлган болалар учун – 90 мкг.
7-12 ёшгача бўлган болалар учун – 120 мкг.
12 ёшдан ёқори бўлганлар учун – 150 мкг.
Маълумки, Ўзбекистон эндемик ҳудудда жойлашган бўлиб, аҳоли ўртасида буқоқ касаллигига чалиниш ҳолатлари кўп учрайди. Шу боис, касалликнинг олдини олиш мақсадида мунтазам тиббий кўриклар ва йодланган ош тузидан фойдаланиш каби чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Албатта буқоқ касаллиги насл суради. Жумладан, буқоқнинг тугунли, аутоиммун тиреоидит ва ёйма заҳар тури ота-онадан болага ҳам ўтиши мумкин. Бироқ саломатликка эътиборли бўлинса, шифокор кўригидан тез-тез ўтиб турилса, хасталикнинг болага ўтиш хавфи камаяди.
Буқоқнинг олдини олиш учта шаклда — оммавий, гуруҳли ва индивидуал тарзда амалга оширилиши мумкин. Улар орасида энг самарали усул биринчиси ҳисобланади. У ҳар бир одам истеъмол қиладиган маҳсулотга оз миқдорда йод қўшиш орқали амалга оширилади. Мисол учун, бугунги кунда юртимизда аҳоли йодланган ош тузидан фойдаланади.
Шунингдек, гуруҳли чораларни қўллашда хасталикка чалиниш хавфи юқори бўлган шахслар орасида йод препаратларини ишлатиш мумкин. Бу биринчи навбатда, болалар ва ўсмирларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, касалликни олдини олишда индивидуал чоралар ҳам қўлланилади. Яъни, буқоқни даволаш ва олдини олиш учун препаратлардан фойдаланиш мумкин. Аммо дори воситаларини тиббий текширувдан ўтгач ва мутахассис тавсияси билан буқоқнинг даражаси ва турига қараб қўллаш лозим. Акс ҳолда ножўя таъсир этиб, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.






