Бугун, 9 август куни Тошкентда Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегациясини расмий кутиб олиш маросими ўтказилади.
Спортчиларимиз ва расмий делегацияни жой олган самолёт соат 20:00да Тошкент Халқаро аэропортига қўниши режалаштирилган. Байрамона кутиб олиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Оммавий ахборот воситалари ходимлари, Спорт федерациялари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, маросимда совриндор спортчилар ота-оналари, Юлдуз Усмонова, Ёдгор Саъдиев, Озодбек Назарбеков сингари санъаткорларнинг чиқиши режалаштирилган.
Делегациямиз етиб келгач, Олимпиячиларимиз 21:00 дан кўрсатилган манзил томон “Бобур”, “Нукус”, “Ойбек”, “Ш.Рашидов”, “И.Каримов” кўчалари ва А.Темур хиёбони бўйлаб икки қаватли махсус автобусларда сайрга чиқишади.
Бугун юртимизга медаль билан қайтаётган спортчиларга президент совғаси «Tahoe» ва «Trailblazer» автомобиллари ҳозирланаётгани видеоси тарқалди.
Tribuna.uz маълумотига кўра, совриндорларга автомобилдан ташқари хонадон калитлари ҳам топширилади.
Маълумот учун, байрамона кутиб олиш маросимидан интервьюлар, жонли эфир ва спортчиларнинг Тошкент бўйлаб саёҳатини darakchi.uz мухбирлари воқеа жойидан ёритиб боришади.






