Ўзбекистон терма жамоаси Япониянинг Айчи-Нагоя шаҳрида ўтказилган V Параосиё ўйинларини умумжамоа ҳисобида учинчи ўринда якунлади. Мамлакат спортчилари мусобақаларда жами 145 та медаль — 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Умумжамоа ҳисобида 45 та мамлакат иштирок этган мусобақада Ўзбекистон фақат Хитой ва мезбон Япония терма жамоаларидан ортда қолди.
Мусобақалар давомида ўзбекистонлик параспортчилар бир қатор йўналишларда юқори натижаларни қайд этди. Жумладан, пара енгил атлетика, парасузиш, парапауэрлифтинг ва паравелоспорт бўйича спортчиларимиз бир жаҳон рекорди, саккизта Осиё рекорди ҳамда Параосиё ўйинларининг 15 дан ортиқ рекордини янгилади.
Ўзбекистон делегациясининг мусобақалардаги натижаси мамлакат параспортидаги ютуқлар ва спортчиларнинг юқори тайёргарлигини намоён этди.






