АсосийJamiyat

AҚШ Ўзбекистонга қиймати 330 минг доллардан зиёд бўлган тиббий ниқоблар юборди

'AҚШ Ўзбекистонга қиймати 330 минг доллардан зиёд бўлган тиббий ниқоблар юборди'ning rasmi

Бугун «Global Jewish Assistance and Relief Network» (АҚШ) жамғармаси томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган тиббий ниқобларининг биринчи қисми Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ва Исроилдаги элчихонаси ҳамкорлигида «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси самолётида Тошкентга етказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Умумий қиймати 330 минг доллардан зиёд бўлган қарийб 270 минг дона тиббий ниқобларнинг 134 минг 400 донаси бугун мамлакатимизга олиб келинди.

- Шу кунга қадар пандемияга қарши кураш доирасида жамғармамиз  Россия, Украина, Беларусь ва Молдовага 200 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги гуманитар кўмак юборди, - деди «Global Jewish Assistance and Relief Network» жамғармаси асосчиси ва директори Элиезер Автзон. - Бугун биринчи марта коронавирус пандемиясига қарши курашда кўмаклашиш учун Ўзбекистонга турли русумдаги тиббий ниқобларни жўнатдик.

Ўзбекистон мен жуда қадрдон мамлакат. Ота ва онам Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Улар Тошкент шаҳрида танишган ва турмуш қурган. Қийин паллада ота-онамга бошпана берган Ўзбекистон ва унинг меҳмондўст, бағрикенг халқига бутун оиламиз номидан миннатдорлик билдираман. Ўзбек халқининг чин инсоний туйғулари натижасида уруш йилларида яшашдан бутун умидини узган  минглаб инсонлар, жумладан, ота-онамга омон қолиш насиб этган. Мен ушбу  хайрия кўмагини ўзбек халқи олдидаги ўз бурчим, деб биламан ва бу ишга қўл урганим менга катта мамнуният бағишлайди. Жамғармамиз томонидан Ўзбекистон халқига гуманитар ёрдам юбориш амалиётини бундан кейин давом эттиришни режалаштирмоқдамиз.

Мазкур инсонпарварлик юкини Ўзбекистонга юбориш харажатлари Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ватандошимиз Фурқат Ражабов ҳисобидан қопланди.

 Самарқанд вилоятида туғилиб ўсган юртдошимиз бир неча йил олдин АҚШда «Ideal Transit LLС» транспорт компаниясига асос солган. 

- Бутун ер куррасини қамраб олган коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди, - деди Ф.Ражабов. – АҚШ жамғармаси томонидан тақдим этилган тиббий ниқобларнинг дастлабки туркумини юртимизга юборишга ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз.

Мазкур ниқоблар ўрнатилган тартибда республикамизнинг тегишли тиббиёт муассасалари ўртасида тарқатилади. Шунингдек, ниқобларнинг иккинчи туркуми ҳам тез кунларда Ўзбекистонга олиб келинади.

    Бошқа янгиликлар