Интернет тармоғида тарвуз ва қовун сотувчисининг қўлга олиниши туширилган «Навбат бечора деҳқонларга келдими дейман» сарлавҳали видео тарқалди. Мазкур факт бўйича Тошкент шаҳар ИИБ қуйидагиларни маълум қилди.
2021 йил 5 август куни соат 18:10 да Янгиҳаёт тумани Турсунзода кўчасидаги йўл четида Шахзод Г. полиз экинларини сотиш мақсадида териб қўйиб, бу билан жамоат тартибини бузган.
Қайд этилишича, ички ишлар органларига ҳар йили июль ва август ойларида йўл ҳаракати қатнашчилари номидан йўлларда ноқулайлик ва хавф туғдираётган тарвуз ва қовун сотувчиларига нисбатан норозиликлар келиб тушади.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ушбу мурожаатларни инобатга олади. Текширув мақсадида ходимлар Шахзод Г.дан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини ва савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани тақдим этишини сўрашади. Аммо фуқаро ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини менсимасдан, уларни уятли гаплар билан ҳақорат қилишни бошлаган ва содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликдан қутулиб қолиш ниятида атрофдагиларнинг эътиборини тортмоқчи бўлган.
Натижада фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси («Майда безорилик») ва 194 моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») бўйича баённома расмийлаштирилади. Ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун судга топширилади.
"Суднинг қарорига кўра, фуқаронинг ҳатти-ҳатакатларига Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тўғри баҳо берилган ва фуқаро айбига иқрор бўлиб тавба қилгани боис унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддасига («Бир неча ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш») мувофиқ беш кунлик қамоқ кўринишидаги жазо белгиланди.", дейилади хабарда.