Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетга Тошкентда фаолият юритаётган радиоканаллар: “Ўзбекистон” телерадиоканали, “Ўзбекистон 24” радиоси, “Ёшлар” радиоси, “Aвторадио”, “Наврўз ФМ”, “Орият ФМ”, “Орият Доно”, “Пойтахт”, “Ўзбегим таронаси” радиоларининг директорлари ва бош муҳаррирлари таклиф этилиб, радионинг келажакдаги режалари, соҳанинг ривожига доир масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси хабар берди.
Меҳмонлар университет одатига кўра, аввало, муассаса бинолари билан танишдилар. “My sweet home”, талабалар пресс клуби, университетнинг 7-қаватидаги очиқ айвони, Озод Шарофиддинов музейи, мобил музейлар, телестудия ва радио студияларни томоша қилдилар. Радиостудияни кузатиш вақтида меҳмонлар радиоефирда бевосита иштирок этиб, студиянинг профессионал ҳолати, техникаларига мутахассис сифатида жуда яхши баҳо беридилар.
Думалоқ стол атрофида муаммоларга бағишланган давра суҳбатида эса радио мутахассислари университетда таҳсил олаётган талабаларга ўргатилиши лозим бўлган фанлар, керакли билимлар нималардан иборат эканини алоҳида таъкидлаб, лозим бўлса, ўқув дастурларини тузишда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдириб ўтдилар.
Ташриф доирасида таклиф қилинган радиоканаллар масъуллари билан университет ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Журналистлар учрашув сўнгида университетнинг янги ташкил этилган “Медиа қаҳвахона” сида меҳмон бўлдилар ва ҳар бирлари ўз радиоканалларига бир қанча ёш кадрларни ишга таклиф этишга тайёрликларини билдиришди.