"Covid-19"нинг симптомсиз ва енгил шаклларида уй шароитида қандай даволаниш мумкин?
Ушбу саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Феруза Хамрабаева жавоб берди.
— Таъкидлаш лозимки, юртимизнинг барча ҳудудларида фуқароларга ҳар томонлама қулайлик яратиш, "COVID-19" аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволаниши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай саволларга аниқ ва ишончли жавоб бериш мақсадида доимий равишда фаолият юритувчи, малакали мутахассислар билан таъминланган 1003 қисқа рақамли Сall-марказ туну-кун узлуксиз ишламоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида уй шароитида даволанаётган беморларга жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган 11 та махсус поликлиникалар ишлаб турибди. Барча "COVID-19" аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволанишлари билан боғлиқ масалалар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақамли Сall-марказига ҳамда яшаш жойингиздаги оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти ёки қишлоқ оилавий поликлиникасига телефон орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Шу ўринда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги "COVID-19" аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларга уй шароитида даволаниш даврида:
- касалликни оила аъзолари ва бошқа фуқароларга юқтирмаслик учун уйдан чиқмасликларини;
- аксирган, йўталганда бурун ва оғизни ёпишни;
- қўлни доимо совун билан ювиш ва антисептик воситалар билан зарарсизлантиришни;
- тиббий ниқоб тақиш ва уни белгиланган тартибда алмаштиришни;
- хонани ҳар 2-3 соатда тез-тез шамоллатишни;
- овқатланганда алоҳида идиш-товоқлардан фойдаланишни ҳамда санитария қоидаларига қатъий амал қилишни тавсия этди.






