Давлат раҳбари тадбиркорлар билан бўлаётган учрашувда кредитлар мавзусига ҳам тўхталиб ўтди:
"Мен яхши тушунаман, ҳамма арзон кредит олишни хоҳлайди. Лекин, кредит фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул бозоридаги мувозанат бузилади. Бу борада, фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни ва яна такрор айтаман, инфляцияни пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз. Айнан қоғозда эмас, амалда!"
Шавкат Мирзиёев инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилингани, бу эса кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини бериши ҳақида сўзлади.