26 августдан янги кўринишдаги 5000 сўм ва 10 000 сўмлик пул белгилари муомалага чиқарилади. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, мазкур банкнотлар мавзуси (тематикаси) "Буюк Ипак йўли" ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги қадимий "Самарқанд ва Тошкент" шаҳарлари тарихига бағишланган.
5000 сўмлик банкнот:
Ўлчами 142 х 69 мм.
Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “5000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 2 мм. бўлган “UZB” ёзуви туширилган турли рангларда товланувчан металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.
Олд ва орқа томонларининг асосий ранглари – яшил ва жигарранглардан иборат.
Банкнот олд томони чап қисмида 1619-1635 йилларда қурилган Самарқанд шаҳридаги “SHERDOR MADRASASI” тасвирланган.

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги VIII-V асрларга тегишли бўлган “AFROSIYOB ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.

10 000 сўмлик банкнот:
Ўлчами 147 х 69 мм.
Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “10000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 3 мм.ли “голографик” ҳимояланган, “UZB” ёзуви мавжуд металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.
Олд ва орқа томонларининг асосий ранглари – кўк, бинафша ва пушти ранглардан иборат.
Банкнот олд томони чап қисмида 1551-1575 йилларда қурилган Тошкент шаҳридаги “KO‘KALDOSH MADRASASI” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги I асрга тегишли бўлган Тошкент шаҳри ҳудудидаги энг қадимий ёдгорлик – “SHOSHTEPA ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.







