АсосийJamiyat

2022 йилда Ўзбекистонда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтади

'2022 йилда Ўзбекистонда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтади'ning rasmi

Жорий йил 20 августда “Ўзбекистон ва ШҲТ: барқарор тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабар берди. 

Нисбатан қисқа давр ичида Евроосиёдаги энг нуфузли сиёсий тузилмалардан бирига айланиб улгурган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига бу йил 20 йил тўлди.

Ўтган давр мобайнида ШҲТ хавфсизлик масалалари, хусусан терроризм, экстремизм, айримачилик ва наркотрафикка қарши курашда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиб, тўлақонли минтақавий ташкилотга айланишга муваффақ бўлди.

Тадбирнинг асосий мақсади ташкилотни ривожлантириш ва унинг минтақадаги ролини мустаҳкамлаш, ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқ дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланиш орқали халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.

Тадбир иштирокчилари парламентлараро, минтақавий ва миллатлараро муносабатлар, ёшлар ташкилотлари фаолияти, маданий дипломатия, таълим ва бошқа турли соҳалардаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшан Алимов ўз нутқида, замонавий дунё воқеълиги халқларни бир-бирига яқинлаштириш ва интеграция жараёнларини қайта яратиш зарурлигини ва ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг муҳим ўрни ва аҳамиятинининг юқори эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ масалалари бўйича Миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида кўзлаган асосий мақсади бу барча аъзо давлатлар ҳаётий манфаатларига жавоб берадиган истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни оширишдан иборат эканлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қ.Собиров тузилма фаолиятининг гуманитар йўналиши турли халқлар, маданий анъаналар ва диний эътиқод эгаларини бир платформада бирлаштириш, шунингдек, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик қилишга имкон берувчи ноёб восита эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

Давра суҳбати давомида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, ШҲТ давлатлари ўртасида халқ дипломатияси механизмларини фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, давра суҳбати иштирокчилари томонидан маданий-гуманитар алоқалар соҳасида алмашув ва ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

Очиқ мулоқот ва ўзаро фикр алмашиш шаклида ўтган тадбир якунлари бўйича иштирокчилар ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва транспорт – логистика соҳаларида қабул қилинган долзарб лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳим омили сифатида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нақадар муҳим эканлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.

2022 йилда Ўзбекистонда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтади. Самарқанд шаҳри музокаралар платформасига айланади. Ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Бошқа янгиликлар