Бугун Токио шаҳридаги “Спортчилар шаҳарчаси”да Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Бу ҳақда УзА хабар бермоқда.
“Токио-2020” ўйинларининг ташкилий қўмитаси Халқаро паралимпия қўмитаси маълумотига таянган ҳолда хабар беришича, бундан анча муддат олдин Шимолий Корея давлати Токио олимпиадаси тизимидаги мусобақаларда қатнашмаслигини маълум қилган эди. Бир қатор давлатлар эса яна икки кундан сўнг тантанали очилиш маросими ташкил этиладиган XVI паралимпия ўйинларида эпидемиологик вазият сабабли иштирок эта олмаслиги бўйича баёнот берди. Кеча Тинч океани музофотида жойлашган Самоа, Кирибати, Тонго ва Вануато давлатлари коронавирус касаллигининг Океания минтақасида кенг ёйилиши ва минтақадаги карантин чекловлари сабабли паралимпия ўйинларига ўз вакилларини юбора олмаслигини маълум қилди.
Шу ўринда айтиш лозимки, Афғонистондаги сиёсий вазиятнинг беқарорлиги сабабли ушбу мамлакат паралимпиячилари ҳам кунчиқар юртда ўтказиладиган баҳсларда иштирок этмолмаслигини билдирганди.
“Токио-2020” ташкилий қўмитаси хабарида айтилишича, бугунгача мазкур нуфузли мусобақанинг ташкилий ишларида хизмат қилаётган юз нафарга яқин хизматчилар коронавирус касаллигига чалинган. Ишчи ва хизматчи кучларининг етишмаслигига ва мавжуд вазиятнинг мураккаблигига қарамасдан 16-паралимпия ўйинлари Япония давлатида белгиланган режа асосида ўтказилади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон паралимпия делегацияси бугун тонгда Токиога етиб борди. Вакилларимиз ўзлари учун “Спортчилар шаҳарчаси”да ҳозирланган ҳудудга жойлашишди. Паралимпия ўйинлари “шаҳарчаси”да Ўзбекистон байроғи кўтарилди.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА






