Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида бугунги кунда Чироқчи туманидаги пахса деворли 17 та мактаб биноси ўрнида янги замонавий мактабларнинг ўқув бинолари қурилган. Пахса деворли мактаблар ўрнида замонавийлари қурилиши ҳақида вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ҳам ваъда берганди.
20 август куни туманнинг 1-сектор ҳудуди "Бахт" маҳалласида 230-сонли умумтаълим мактабининг замонавий барча қулайликларга эга янги биноси фойдаланишга топширилди. Очиғи, бир туманда мактаблар сонининг бунчалик кўплиги бизни ҳайрон қолдирди.

Мазкур таълим муассасаси “Жануб саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан 914 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилди. Мактабда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Фанлар бўйича жиҳозланган синфхоналар ва кутубхона ўқувчиларнинг билим олишига яқиндан ёрдам беради.
Шунингдек, инвестиция дастури асосида 29 та, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида эса 4 та мактаб биноларида қурилиш таъмирлаш ишлари ниҳояланиб қолди, тез фурсатда улар ҳам ўқувчиларини бағрига қабул қилиши айтилмоқда.






