АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонда қиш мавсуми учун 102 минг тонна бензин захираси яратилди

Талаб ошган тақдирда биржа савдоларига чиқариладиган бензин ҳажмини кунига 10 минг тоннагача етказиш имконияти мавжуд.

'Ўзбекистонда қиш мавсуми учун 102 минг тонна бензин захираси яратилди'ning rasmi

"Ўзбекнефтгаз" АЖ қиш мавсумида ички бозорни бензин билан барқарор таъминлаш мақсадида 102 минг тонна захира шакллантирди. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, йил бошидан буён Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 916,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 1,1 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.

Ҳозирда заводда бир суткада ўртача 3,2–3,4 минг тонна бензин ишлаб чиқарилмоқда. Талаб ошган тақдирда биржа савдоларига чиқариладиган бензин ҳажмини кунига 8 минг тоннага, зарурат туғилганда эса 10 минг тоннагача етказиш имконияти мавжуд.

Шунингдек, ички бозорда эҳтимолий тақчилликнинг олдини олиш мақсадида тайёр бензин импортини амалга ошириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Жамият ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган хабарлар таъсирида сунъий талаб ва захира тўплаш ҳолатлари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Таъкидланишича, "Ўзбекнефтгаз" томонидан биржа савдоларига чиқарилаётган бензиннинг бошланғич нархи апрель ойидан буён ўзгармаган. Ҳозирда унинг бир тоннаси 14 миллион сўмни ташкил этмоқда.

    Бошқа янгиликлар