АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Австралия Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилишга қизиқиш билдирмоқда

Томонлар ўзбекистонликларни қонуний ишга жойлаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилди.

'Австралия Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилишга қизиқиш билдирмоқда'ning rasmi

Австралия Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш, хусусан, нефть ва газ саноати учун малакали мутахассисларни танлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу масала икки мамлакат вакиллари ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси ва мамлакатнинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида Австралиянинг Шимолий ҳудуди вакиллари билан видеоконференция шаклида учрашув ўтказилган.

Музокараларда ўзбекистонлик мутахассисларни Австралияда иш билан таъминлаш имкониятлари, шунингдек, мамлакатнинг малакали ишчи кучига, жумладан, нефть ва газ саноатидаги кадрларга бўлган эҳтиёжи муҳокама қилинган.

Томонлар Ўзбекистон фуқароларини уюшган ва қонуний асосда ишга жойлаштириш, уларнинг касбий ҳамда тил тайёргарлигини халқаро талабларга мослаштириш масалалари юзасидан фикр алмашган.

Шунингдек, икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида дастлабки консуллик маслаҳатлашувларини ўтказиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинган.

Музокараларда Миграция агентлиги ва Касбий таълим агентлиги вакиллари ҳам иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инсон ресурслари салоҳиятини тақдим этган.

    Бошқа янгиликлар