Ўзбекистонда ўзбек алифбосига киритилган ўзгартишларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, ID-карта, хорижга чиқиш паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, автомобиль техпаспортлари ва кадастр ҳужжатлари янги алифбода расмийлаштирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгиланган.
Лойиҳага кўра, қонун кучга кирганидан кейин бериладиган шахсни тасдиқловчи ва бошқа расмий ҳужжатлар янгиланган алифбода расмийлаштирилади. Бироқ аввал берилган ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади.
Шунингдек, давлат органларига фуқароларнинг исми, фамилияси ёки отасининг исми турлича ёзилгани сабабли уларга хизмат кўрсатишни, ҳужжатларини қабул қилишни ёки шахсини тасдиқлашни рад этиш тақиқланади. Аввал тайёрланган ҳужжат бланкаларидан эса 2028 йил 1 январга қадар фойдаланиш мумкин бўлади. Миллий валюта ва қимматли қоғозларни қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Таълим тизимида янги алифбога ўтиш 2027–2031 йилларда амалга оширилади
Қарор лойиҳасида таълим тизимини янги алифбога ўтказиш 2027–2031 йилларга мўлжалланган. Бу даврда 1–11-синфлар учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар янгиланган имло қоидаларига мослаштирилади.
Дастлабки ўзгаришлар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб биринчи синф дарсликларида жорий этилиши кутилмоқда. Қолган синфлар учун дарсликлар белгиланган қайта нашр этиш муддатларига мувофиқ янгиланади.
Педагоглар учун малака ошириш курслари, семинар ва тренинглар ташкил этилади. Шунингдек, 5–11-синф ўқувчилари учун имло саводхонлигини баҳолашда вақтинчалик енгилликлар бериш таклиф қилинмоқда. Бу енгилликлар 2028 йил 1 августга қадар, жумладан, якуний давлат аттестацияси ва кириш имтиҳонларида қўлланиши мумкин.
Мактабгача ёшдаги болалар учун ҳам янги алифбога оид махсус ўқув материаллари, плакатлар, ўргатувчи ўйинлар ва мультфильмлар тайёрланади. Хусусан, 2027 йилда тўртта янги ҳарфга бағишланган «Сеҳрли ҳарфлар саргузаштлари» номли тўрт қисмли мультсериал яратиш таклиф этилган.
ОАВ ва интернет нашрлари ҳам янги алифбога ўтади
Қарор лойиҳасига мувофиқ, қонун кучга кирганидан кейин ўзбек тилидаги ОАВ материаллари ва босма маҳсулотларни янгиланган алифбода чоп этиш назарда тутилган. Бу талаб газеталар, журналлар, телеканаллар ва интернет нашрларига ҳам тааллуқли. Таҳририятлар техник воситаларни тайёрлаши ва ходимларни янги имло қоидаларига ўқитиши керак бўлади.
Маҳсулот қадоқлари ва ёрлиқларида эса 2027 йил 22 апрелдан 2028 йил 22 апрелгача амалдаги ва янгиланган алифболардан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади. 2028 йил 22 апрелдан бошлаб янги буюртма қилинадиган қадоқ ва ёрлиқларда янгиланган алифбодан фойдаланиш мажбурий бўлиши режалаштирилган. Аввал тайёрланган қадоқлаш материалларидан 2029 йил 22 апрелга қадар фойдаланиш мумкин.
Қонуний тарзда маркировка қилинган товарларни эса ўтиш даври тугаганидан кейин ҳам яроқлилик муддати тугагунига қадар сотишга рухсат берилиши таклиф этилмоқда.
Банк иловалари ва давлат хизматлари ҳам мослаштирилади
Банк мобил иловалари, банкоматлар, тўлов терминаллари, солиқ ва божхона ахборот тизимлари ҳамда электрон савдо платформалари интерфейслари ҳам янги алифбога мослаштирилади.
Давлат муассасалари пешлавҳалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидаги ахборот ёзувлари, йўл кўрсаткичлари, аэропорт ва вокзаллардаги таблолар, жамоат транспорти йўналишлари ҳамда бекат белгилари босқичма-босқич ўзгартирилади.
Давлат герби ва давлат мукофотларидаги ёзувларни янгилаш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ҳам 2027 йилда ишлаб чиқиш режалаштирилган. Аввал ўрнатилган пешлавҳалар ва герб тасвирларидан эса улар эскиргунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланиш мумкин бўлади.
Янги алифбо учун махсус клавиатура ва дастурлар яратилади
Рақамли технологиялар вазирлигига Ў, Ғ, Ш ва Ч ҳарфларини қулай киритиш имконини берувчи ўзбек клавиатурасининг ягона стандартини ишлаб чиқиш топширилиши режалаштирилган. У Android, iOS, macOS ва Windows операцион тизимларига мослаштирилади. Халқаро технология компанияларига тегишли таклифларни 2027 йилда юбориш кўзда тутилган.
Шунингдек, OneID ва my.gov.uz каби давлат ахборот тизимлари ҳам янгиланган алифбога мослаштирилади. Электрон матнларнинг имлосини текшириш, таҳрирлаш ва автоматик равишда янги алифбога ўгириш учун бепул дастурлар, жумладан, сунъий интеллект технологиялари асосидаги ечимлар ишлаб чиқилади.
Лойиҳада 2026–2027 йилларда OpenAI, Google, Anthropic, xAI, DeepSeek ва Meta компанияларига уларнинг ChatGPT, Gemini, Claude, Grok, DeepSeek ва Meta AI тизимларини янгиланган ўзбек алифбоси ҳамда имло қоидаларига мослаштириш бўйича таклиф билан мурожаат қилиш ҳам назарда тутилган.
Бунда домен номлари, электрон почта манзиллари, логинлар, ҳисоб рақамлари ва шартнома рақамларини ўзгартириш ёки қайта рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.
Қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 6 декабрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 21 октябрь куни Президент ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Янгиланган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Унга кўра, қуйидаги ўзгаришлар киритилган:
-
O‘ o‘ — Ö ö;
-
G‘ g‘ — Ğ ğ;
-
Sh sh — Ş ş;
-
Ch ch — Ç ç.
Қонун 2027 йил 22 апрелдан кучга киради.






