АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Паркентдаги боғчада болада конъюнктивит аниқланди

Паркентдаги боғчада кўз касаллиги тарқалаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди.

'Паркентдаги боғчада болада конъюнктивит аниқланди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар ўртасида кўз касаллиги тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Паркент туманидаги 3-сонли боғчада бир нафар болада ўткир конъюнктивит аниқланган. Бироқ бошқа тарбияланувчиларда касаллик белгилари кузатилмаган. Бу ҳақда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, 2026 йил 10 ноябрь куни Паркент туманидаги "Қорақалпоқ" қишлоғида жойлашган 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига 2022 йилда туғилган бола кўзида касаллик белгилари билан келган. Боғча маъмурияти унинг саломатлиги билан боғлиқ ҳолатни инобатга олиб, муассаса ҳудудига киритмаган ва шифокор кўригидан ўтиш учун юборган.

Тиббий кўрик давомида болага "H10.3 — аниқланмаган ўткир конъюнктивит" ташхиси қўйилган ва тегишли даволаш муолажалари белгиланган.

Шунингдек, боланинг оила аъзоларида ҳам шунга ўхшаш аломатлар кузатилган. Жумладан, унинг катта фарзанди ва отасида ҳам кўз касаллиги белгилари аниқланган. Ҳозирда уларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирга қадар шундай шикоятлар билан мурожаат қилган бошқа беморлар қайд этилмаган. Боғчанинг бошқа тарбияланувчиларида ҳам кўз касаллиги белгилари аниқланмаган.

Бошқарма ота-оналарни фарзандларининг саломатлигига эътиборли бўлишга чақирди. Кўзда қизариш, ёшланиш ёки ажралма пайдо бўлган тақдирда, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилди.

    Бошқа янгиликлар