ССВ матбуот хизмати асаб касалликларига чалинган беморларнинг парҳез овқатланиши ҳақидаги шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири Низом ЭРМАТОВга мурожаат қилди:
— Мушаклар зарарланиши билан кечувчи асаб касалликлари қайсилар? Бундай хасталиклар билан оғриган беморларга қандай овқатланиш тавсия этилади?
— Асаб тизимининг мушаклар зарарланиши билан кечувчи касалликлари гуруҳига миопатиялар, миастениялар, миастеник синдром, миотониялар, пароксизмал миоплегиялар деб аталувчи ва мушакларда кучайиб борувчи дистрофик ўзгаришлар кузатиладиган наслий характердаги касалликлар киради. Хасталик ривожланиб борган сари кўндаланг — тарғил мушаклар ўрнини ёғ ва бириктирувчи тўқималар эгаллайди.
Бунинг оқибатида мушаклар ўз оғирлигини йўқотиб, атрофия (кичрайиш) ривожланади. Шу сабабли, беморларга калий, магний, аминокислоталар ҳамда оқсилга бой маҳсулотлардан иборат бўлган таомлар буюрилади.
Полиз маҳсулотларидан бақлажоннинг таркибида жуда кўп миқдорда калий, магний, натрий, фосфор элементлари ва РР, С, В гуруҳидаги витаминлар борлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Шунинг учун мушак касалликлари билан оғриган беморларга бақлажондан тайёрланган таомларни истеъмол қилишни тавсия этиш лозим.
— Бош оғриқлари ҳам асаб касалликларидан бири ҳисобланади. Бу хасталикда нималарни кўпроқ истеъмол қилган маъқул?
— Бош оғриқлари табобатда мигрен номи билан юритилади. Бу хасталикка чалинган беморлар қуйидаги озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ:
- денгиз балиғи;
- таом тайёрлашда жўхори ва пахта ёғларидан фойдаланиш;
- ёнғоқ, зира, бодом, зайтун ёғи.
Мигрен билан касалланган беморларга хуружларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги таом тавсия этилади: бир дона хом тухум стаканга солиниб яхшилаб аралаштирилади ва устига қайнатилган сут солиниб яна аралаштирилади. Аралашма тингандан сўнг ичилади. Муолажани ҳафтада икки-уч маротаба такрорлаш мумкин.
— Мигреннинг олдини олиш мумкинми?
— Қуйидагиларга амал қилган кишида бош оғриқлари кузатилиши анча камаяди:
- бош оғриғини кучайтириш эҳтимоли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишни чеклаш;
- мунтазам бадантарбия билан шуғулланиш ва соғлом ҳаёт тарзига риоя қилиш;
- ортиқча ақлий ва жисмоний зўриқишлардан сақланиш;
- бош оғриғи хуружини кучайтириши мумкин бўлган ташқи таъсирлар (радио эшитиш, телевизор кўриш ва бошқалар) ни камайтириш.
Қуйидагилар мигрен хуружини кучайтириб, бош оғриғига олиб келиши мумкин:
- фенилэтиламин (шоколад таркибида);
- тартразин (пишлоқ, дудланган балиқ таркибида);
- глютаминат (спиртли ичимликлар, қаҳва, шоколад таркибида).
Ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш мигренга мойиллиги бўлган (ота-онасида ушбу касаллик кузатилган, тез-тез бош оғриши безовта қиладиган) кишиларга ҳам тақиқланади.
— Неврозлар ва улардан сақланиш ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
— Неврозлар руҳий-асаб касалликлари гуруҳига мансуб бўлиб, асаб зўриқишлари билан намоён бўлади. Улар орасида кўпроқ учрайдигани неврастения ҳисобланиб, одатда, ўта қўзғалувчанлик ҳамда таъсирчанлик, тез чарчаш ва ҳолсизлик билан бирга кечади. Беморларни уйқу бузилиши, тез хафа бўлиш, йиғлоқилик, юрак уриб кетиши, кўп терлаш, иштаҳанинг пасайиши каби ҳолатлар безовта қилади. Санаб ўтилган белгиларнинг узоқ давом этиши беморни ақлий жиҳатдан ҳам тез толиқишига олиб келади. Бунинг оқибатида хотира пасайиши, бош оғриши каби белгилар кучаяди.
Бундай беморлар соғлом турмуш тарзининг барча тамойилларига амал қилишлари муҳим аҳамиятга эга. Невроз кузатилган беморларга парҳез буюришда асаб тизимини тинчлантирувчи, уйқуни яхшиловчи, тетиклаштирувчи, хотирани тикловчи хусусиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан таркиб топган таомлар тавсия этилади.