Асаб касаллигига чалинганларга қандай овқатланиш тавсия этилади? Мазкур саволга Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири Низом ЭРМАТОВ жавоб берди:
— Бош мия қон томирлари, яллиғланиш, периферик нерв толалари тизими, эпилепсия ва бошқа қатор асаб тизими касалликлари аҳоли орасида кенг тарқалган ва уларнинг аксарияти сурункали кечади. Шу сабабли, уларни даволашда мунтазам даво чоралари билан бир қаторда парҳез овқатланиш етакчи ўринлардан бирини эгаллайди ва унинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
- Истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар таркибида ёғлар, углеводлар, ош тузи ва асаб тизимига қўзғатувчи таъсир этувчи маҳсулотлар (спиртли ичимликлар, қаҳва, ўткир ва аччиқ таомлар) миқдорини камайтириш орқали асаб тизимининг зўриқишини олдини олиш;
- таомномани, биринчи навбатда, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатувчи фосфорга бой маҳсулотлар (сут ва ундан тайёрланган озиқ-овқатлар, дуккакли ўсимликлар ва бошқалар) билан бойитиш;
- витаминлар, айниқса, унинг В гуруҳига бой бўлган маҳсулотлар истеъмолини кўпайтириш.
Асаб тизими касалликларига чалинган беморлар кун давомида оз-оз миқдорда тез-тез овқатланишлари тавсия этилади. Бунда истеъмол қилинадиган озиқ-овқатларнинг кунлик калорияси 2300 — 2400 ккал.ни ташкил этиб, таркиби қуйидагича бўлиши лозим: 80 — 90 грамм оқсил, 350 грамм углевод, 70 грамм ёғ (шундан 30 фоиз ўсимлик ёғи) бўлиши керак. Кўрсатилган миқдордаги оқсилларни истеъмол қилиш муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда, уларнинг етишмовчилиги шартли рефлектор фаолиятини камайтириб, бош мия пўстлоғидаги қўзғалувчанликнинг ошишига олиб келади.
Шунингдек шифокор асаб тизими касалликларига чалинган беморларга нималар истеъмоли тақиқланиши ҳақида ҳам гапириб ўтди.
— Асаб тизими касалликларига чалинган беморларга қуйида қайд этилган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тақиқланади:
- хамирдан тайёрланган маҳсулотлар ва янги пиширилган нон;
- консервалар, ёғли гўшт ва колбасалар, яримтайёр маҳсулотлар;
- қовурилган тухум;
- сабзавотлардан — бодринг, шолғом, редиска, пиёз, саримсоқ;
- шоколад;
- ўткир соуслар, қалампир;
- ичимликлар — спиртли ичимликлар, қаҳва, аччиқ дамланган чой;
- балиқ маҳсулотлари;
- ҳайвон ёғлари.
Шу билан бирга, Низом ЭРМАТОВ бундай беморларга нималар истеъмоли тавсия этилишини ҳам таъкидлаб ўтди.
— Асаб тизими касалликларига чалинган беморларга қуйидагилар истеъмоли тавсия этилади:
- Ноннинг парҳез нави;
- ёғсиз гўшт ва балиқ маҳсулотлари;
- сут маҳсулотлари;
- тухум (фақат чала пиширилган холда);
- турли ёрмалардан тайёрланган бўтқалар ва шўрвалар;
- сабзавотлар — лавлаги, сабзи, қовоқ, картошка, қовоқча;
- янги узилган ва қуруқ мевалар, конфетлар (шоколадли ва асалли турлари бундан мустасно);
- помидор ва бошқа сабзавотлардан тайёрланган соуслар;
- ўтли чойлар, мева ва сабзавот шарбатлари, дамламалар (наъматак, туршак каби
- қаймоқ, ўсимлик ёғи.
Асаб тизими касалликларига чалинган беморларга мўлжалланган ва оддий шўрва, сабзавотли салатлардан тузилган ҳамда ёғсиз гўшт ва балиқ маҳсулотларидан тайёрланган — тефтель, парда пиширилган картошка ҳамда бошқа маҳсулотлардан ташкил топган кундалик парҳез таомнома кони фойдадир.