Баъзи бир келишувлар сабаб 6 киши кечки овқатга йиғиладиган бўлдик. Ярим йўлда автобус, қолганига таксида белгиланган кафега етиб бордим. Тўртинчи бўлиб келибман. Ҳаммаси қолган икки киши кеч қолиб келганидан бошланди. Нимамиш – ўзи вақтида етиб келишган, лекин машина қўйишга "стоянка" тополмай вақт йўқотишганмиш.
ЭНГ “ДОЛЗАРБ” МАВЗУ
Сен машинангни қаерга қўйдинг, дея сўрай кетишди ўтирганлар ҳам бир-биридан. Хуллас, кетди шу мавзу – кимнинг қандай машинаси борлиги, қачон ундан зўрига алмаштирмоқчи экани, ЙҲХ ходимини қандай "мот"қилгани, йўлдаги тартибсизликлар, кимдан қандай ўзиб кетгани, стоянкалар йўқлиги ва ҳк. Мен эса бошқа бир қизиқ статистика юритаётган эдим. Йиғилганларнинг уч нафари бир жойда ишлайди, икки нафари қўшни ва улар шу кафе яқинида яшайди. Хуллас, менга ўхшаб автобусда келмаса-да, бир-бирининг машинасида ёки умуман уйидан бироз пиёда юриб келиши мумкин эди. Энг қизиғи, ҳаммамиз бу ерда стоянка билан боғлиқ муаммо бўлишини билар эдик.
МАШИНА ҲАМ ОБРЎМИ?
Кечки овқат бўлса, ҳамманинг ўз ташвиши бор, қолаверса, овқатланиб бўлиб ҳамма ўз уйига тарқалади, шунга ўз машинасида келишган-да, дейишингиз ҳам мумкин. Бу ҳам тўғри. Лекин айнан бизнинг вазиятда ундай эмасди. Кечки овқатдан чиқиб, кимдир яна ишга қайтишига тўғри келарди, кафе яқинида яшайдиган дўстимиз эса ўз уйи яқинига қўйиб, пиёда чиқиб келса ҳам бўларди. Бунинг устига унинг қўшниси ҳам машинасида келган. Тан олайлик, биз “пробка”да қолсак ҳам, керак бўлса-бўлмаса машинамиз борми, уни ҳайдашимиз шарт, бўлмаса уни нега олдик, машинанг бўлса – бу обрўку дейдиган халқмиз.
УЛОВДА КЕЛИШ ШАРТ!
Биз мўлжаллаган келишув амалга ошмади. Чекланган вақтдаги суҳбатимиз "Ўзавтосаноат"нинг 5-6 тагина русумли автомашиналари ҳақидаги ғийбатлар билан кифояланди. Яхшиям кўп машинали давлатда яшамаймиз. Унда ақлдан озарканмиз. Хафсалам пир бўлиб кўчага чиқдим. Қарасам, бошқа столдан турганлар ҳам ўзаро хайрлашиб, ҳар бири ўз машинасига чиқиб кетишяпти. Баъзилар газни қаттиқ босиб, "чийиллатиб" киборланяпти. Ҳа, барака топкурлар! Ўзи кафе 120-150 кишилик бўлса, ҳаммангиз машинада келсангиз, ҳар бирингизнинг уловингизга қаердан топилсин бунча “стоянка”? Катта эҳтимол билан қолганлар ҳам ўзаро келишиб, ихчамлашиб битта машинага ўтириб келаверишса бўларди. Йўқ, биз ўз машинамизда келишимиз шарт!
ШУНЧАКИ ЭҲТИЁЖ ВОСИТАСИ
Афсус, автомобиллар муаммоси доим муҳокама марказида. Қанча муҳим мавзулар қолиб кетмоқда. Қачон машинали “тўкис” бўлиш васвасасидан қутулиб, ундан фақат зарур ҳоллардагина фойдаланишни ўрганмиз, унинг оддий бир эҳтиёж воситаси эканлигини англаймиз?!
Шу хаёллар билан уйимга пиёда етиб келиб қўйибман. Уйим ёнида эса анчадан бери фойдаланилмаётган машинам турарди. Машинангиз бор экан, нега ҳайдамайсиз, деган савол бўлиши табиий. Мен машинага ғўддайиб ўтирадиган безак, обрў воситаси эмас, чангютгич, чой қайнатгич ёки бўлмасам соч қуритгич каби фақат зарур ҳоллардагина фойдаланиладиган техника сифатида қарайман. Бундан ташқари машина ҳам бир рўзғор. Унга алоҳида парвариш – харажат керак. Биз қоидаларга унчалик амал қилавермайдиган халқмиз, ҳар ойига ҳеч бўлмаганда битта жарима келиб туради. Қолаверса, машина рулига ўтирарканман, кўчадаги машинали тўкислар, “кўчани сотиб олганлар”, бурилиш чироқларини ёқмайдиганлар, орқадан бесабаб сигнал чалаверадиганлар, ҳовлиқиб ҳайдайдиганлар, йўл ҳаракати хавфсизлигига амал қилмайдиганлар кўз олдимдан бир-бир ўтади ва секингина машинадан тушиб, автобус бекатига чиқаман – шуниси қулай. Сиз муштарийлардан эса “машинамания” васвасасидан узоқ бўлишингизни сўраб қоламан.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ