30 гектарли майдон. 500 га яқин иш ўрни. Энергия тежовчи ва атмосферага зарар миқдорини камайтирувчи лойиҳа. Президент Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги “Навоийазот” АЖда “Aммиак ва карбамид ишлаб чиқариш”ни ташкил қилиш лойиҳаси билан танишиш баробарида Навоий вилояти фаоллари, меҳнат фахрийлари, экологлар, корхона ишчи ходимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда хорижий инвесторлар, дипломатик ваколатхоналар вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар қилмоқда.
Лойиҳа нимаси билан аҳамиятли?
- Энергияси сарфи юқори бўлган, 55 йил олдин қурилган 2 та аммиак ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишдан чиқарилиб, ўрнида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича замонавий лойиҳа амалга оширилган. Натижада замонавий технологияларни қўллаш эвазига бир йилда ўртача 46,8 минг тонна атмосферага чиқадиган аммиак газлари ушлаб қолинади.
- Аммиак ишлаб чиқариш учун энергия сарфи қарийб 2 баробарга тежалади Натижада, йилига ўртача 736 млн. КВт/соат ёки 400 млрд. сўмлик электр энергияси тежалади.
2020 йил декабрь ойида ишга туширилган мазкур лойиҳа учун 985,7 млн.доллар маблағ сарфланган бўлиб, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи (320 млн. доллар), Япония банклари ва молиявий институт кредитлари (577 млн.доллар) ва корхонанинг ўз маблағлари ҳисобига ишга туширилган. Корхона томонидан йилига 577,5 минг тонна карбамид ва 660 минг тонна аммиак ишлаб чиқарилади. Шундан, аммиакнинг 330 минг тоннаси янги карбамид ишлаб чиқаришга ҳамда 330 минг тоннаси аммиакли селитра ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
Шунингдек, Президент томонидан “Навоийазот” АЖнинг мавжуд хомашё заҳираларидан оқилона фойдаланган ҳолда юқори қўшилган қийматли янги турдаги кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни назарда тутувчи кимё технологик кластерини ташкил этиш бўйича бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бунинг натижасида "Навоийазот" АЖ ишчилари сони қўшимча 3 мингга ошади.






