Куни кеча "Ўзбекфильм"да Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган "Тутқунлик" бадиий фильмининг премьераси ўтказилди.
Премьера аввалида Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар сўзга чиқиб, барча йиғилганларни байрам ва янги фильм намойиши билан табриклашди. Сўнгра бир қатор кино санъати вакилларига "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони тантанали равишда тақдим этилди, дея хабар бермоқда агентлик матбуот хизмати.
Мукофотлар эгаларига топширилгач, тадбир меҳмонлари учун режиссёр Рашид Маликов томонидан яратилган "Тутқунлик" бадиий фильми намойиш қилинган.
Маълум бўлишича, фильм 2019-2020 йилларда ўтказилган "Меҳр" операциясига бағишланади. Унда уч инсон ҳаёти параллел равишда кўрсатиб борилади.
Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Рашид Маликов, постановкачи оператор Алексей Вензос, композитор Дмитрий Янов-Яновский, рассом Дониёр Абдураҳманов, либослар бўйича рассом Елена Аитова. Фильмда ролларда Нигина Анорбоева, Феруза Собитова, Анвар Мавлонов, Фирдавс Орипов, Элбек Файзиев ва бошқалар ижро қилган.