Бугун 30 август куни янги 2021-2022 ўқув йили олдидан яна бир таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳомийлик маблағи ҳисобидан қурилган Республикадаги илк STEM фанларига ихтисослашган мактаб Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида қад ростлади. Мактабнинг очилиш маросимида ҳукумат, Халқ таълими вазирлиги, ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимдан олдин мактабни тўлиқ қуриб ва жиҳозлаб берган ҳомий тадбиркор Ғофур Рахимов ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан рамзий маънода кўчатлар экилди.


Халқ таълими вазирлигининг маълумотига кўра, тадбиркор Ғофур Раҳимов маблағлари эвазига 45-мактабнинг эски биноси ўрнида замонавий таълим маскани қад ростлади. Мактабда ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши учун барча имкониятлар мавжуд. 600 ўринга мўлжаллаб қурилган таълим муассасасида 634 нафар ўқувчига 43 нафар педагог таълим беради. Мактаб энг замонавий жиҳозлар ва сўнгги ахборот технологиялари билан жиҳозланган. STEM фанларига ихтисослашган таянч мактабида математика, чет тили, ахборот технология ва кимё-биология фанлари чуқурлаштирган ҳолда ўқитилади.






