Mустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи “Адабий мерос” номли илмий электрон журнални нашрдан чиқарди. Бу ҳақда ЎзР ФА маълум қилди.
Журналда адабиётшуносликда ўз мактабини яратган фидойи олимлар ва адабий жараённи намойиш этувчи энг янги илмий асарлар ҳақида танқидий, библиографик характердаги мақолалар ўрин олиб боради.
Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига армуғон сифатида тайёрланган ушбу сонда “Қадимий битиклар”, “Навоий абадияти”, “Манбашунослик ва матншунослик”, “Жадид адабиёти” “Тилшунослик”, “Олтин бешик” каби рукнларда кўпгина янгиликларга бой ва илмий жиҳатдан муҳим ҳисобланган қизиқарли мақолалари ўрин олган.
Журналда мамлакатимизнинг фольклоршунослик, тилшунослик, адабиётшунослик соҳасидаги энг етук олимлари билан бир қаторда АҚШ, Германия, Туркия, Корея, Россия, Қозоқистон, Қирғизитон, Озарбойжон каби мамлакатларнинг таниқли олимларининг мақолалари ўрин олиш билан бирга, журнал таҳрир ҳайъатидан ҳам кўпгина халқаро миқёсдаги олимлар жой олишган.






