Тошкентдаги Халқаро конгресс-марказида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 46-йиллик анжуманининг дастури доирасида “Иқтисодий трансформация парадигмасини ўзгартириш ва ковиддан кейинги даврда Ўзбекистон ижтимоий заиф аҳолиси учун имкониятларни кенгайтириш” мавзусида панель муҳокамаси бўлиб ўтди.
Муҳокамада ИТБ ва унинг шўъба корхоналари экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, Саудия Арабистони Инвестициялар вазирлиги, Жаҳон банки, Африка Иқтисодий тараққиёт Банки, турли давлатлар делегациялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, дея хабар бермоқда Инвистициялар ва ташқи савдо вазирлиги.
Муҳокама давомида ИТБнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтилган, камбағалликни қисқартиришнинг турили моделлари, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун молиявий донорлар маблағларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш механизмлари, давлат томонидан хусусий секторни пандемиянинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш мақсадида кўрилаётган жавоб чоралар кўриб чиқилган.
Ковиддан кейинги давр шароитларида Ўзбекистоннинг инвестицион имкониятлари алоҳида-алоҳида муҳокама қилинган.
Муҳокама чоғида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев модераторнинг саволига жавоб берар экан, Ўзбекистонда карантин чекловлари вақтида ва ковиддан кейинги даврда тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида гапиради.
Хўжалик фаолиятини “реанимация” қилиш мақсадида ҳар бир корхона билан мақсадли ўзаро ҳамкорлик ташкил этилгани ва бу орқали ишбилармонларга кенг кўламли масалаларни ҳал этишда амалий кўмак берилгани маълум қилинди. Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли, хусусан, унинг ижтимоий заиф қатламларини иш билан бандлигини оширишга қаратилган манзилли дастурлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилади.






